Сирдарёдаги қурилиш ишларида 1,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ талон-торож қилингани маълум бўлди

«Қишлоқ қурилиш инвест»нинг Сирдарё вилояти филиали мансабдор шахслари 2,5 миллион сўм бюджет маблағларини талон-торож қилгани аниқланди.

Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Оқолтин туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖ ИК Сирдарё вилояти филиали ва «S.S.» МЧЖ мансабдор шахслари ўзаро тил бириктириб, Оқолтин тумани «Кўркам диёр» массивида 1та кўп қаватли уй-жой қурилгани ҳақидаги ҳужжатларга ҳақиқатда бажарилмаган 949 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини қўшиб ёзиш орқали бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқланган.

Бундан ташқари, «Y.N» МЧЖ томонидан массивдаги битта кўп қаватли уй-жой қурилгани ҳақидаги ҳужжатларга ҳақиқатда бажарилмаган 586 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини қўшиб ёзиш орқали бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқланган.

«Шунингдек, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Янгиер шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда ‘Қишлоқ қурилиш инвест’ МЧЖ ИК Сирдарё вилояти филиали ва ‘S.М.’ МЧЖ мансабдор шахслари ўзаро тил бириктириб, Ховос тумани ‘Ховос маркази’ массивида битта кўп қаватли уй-жой қурилгани ҳақидаги ҳужжатларга ҳақиқатда бажарилмаган 947 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини қўшиб ёзиш орқали бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқланган», дейилади хабарда.

Мазкур ҳолат юзасидан «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖ ИК Сирдарё вилояти филиали мансабдор шахслари ва жамият раҳбарига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилаётгани маълум қилинди.

Аввалроқ Наманганда ишсизларга ажратилган 216 миллион сўм бюджет пули талон-торож қилинган эди. Шунингдек, Бухорода қарийб 200 миллион сўмлик буғдой талон-торож қилинган.

Янгиликлар