Тошкент, Бухоро, Фарғона ва Урганч аэропортлари «пакет принципи» асосида шерикликка берилади

Шавкат Мирзиёев Жаҳон банки билан биргаликда Тошкент, Бухоро, Фарғона ва Урганч аэропортларини «пакет принципи» (зарар билан ишлаётган ҳаво портларини фойда келтираётганлари билан шерикликка бериш) асосида шерикликка бериш бўйича техник топшириқлар ишлаб чиқиш юзасидан топшириқ берди.

Бу ҳақда давлат раҳбари 5 август куни энергетика, транспорт, коммунал хўжалик ва тиббиёт соҳаларида давлат-хусусий шерикликни кенгайтиришга бағишланган тақдимотда айтиб ўтди, дея хабар беради Президент матбуот хизмати.

Халқаро экспертларнинг таҳлилига кўра, Ўзбекистондаги мавжуд аэропортларни модернизация қилиш учун ўртача 800 миллион доллар талаб этилади.

Шунингдек, тақдимотда транспорт ва логистика тармоғи соҳада амалга оширилаётган ишлар умуман қониқарли эмаслиги қайд этилиб, соҳани ривожлантиришнинг кейинги даврида 27 миллиард доллар талаб этилиши маълум қилинган.

Aввалроқ Самарқанд халқаро аэропорти реконструкция ишларига 62 миллион доллар ажратилгани маълум қилинганди. Таъкидланишича, унинг кўриниши китоб шаклида бўлиб, устки қисмида юлдузларнинг жойлашуви акс этади.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 1 августидан Aндижон, Бухоро ва Урганч халқаро аэропортларида халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ «очиқ осмон» режими жорий қилинган. Ушбу аэропортларда Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотига аъзо давлатларнинг авиакомпанияларига уларнинг техник имкониятларини инобатга олган ҳолда парвозлар сони чекловларисиз Ўзбекистон Республикаси ташувчилари фойдаланмаган йўналишларда «бешинчи ҳаво эркинлиги» ва йўловчи парвозларини амалга ошириш ҳуқуқи билан амалга оширилади.

Янгиликлар