Сирдарёда 200 га яқин хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашдаги ишлар талаб даражасида эмаслиги аниқланган

Сирдарё вилоятида 2020 йил 5 сентябрь куни Олий Мажлиси Сенати кенгашининг сайёр мажлиси бўлиб ўтгани маълум қилинганди. Мажлис давомида ёшлар ва хотин-қизларнинг бандлигиги таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилган.

Фото: Сенат матбуот хизмати

Мажлисда ёшларнинг вақтини мазмунли ўтказиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлганларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ишлари суст олиб борилаётгани таъкидланган. Мазкур йўналишда Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоларининг таклиф ва фикр-мулоҳазалари тингланган.

Фото: Сенат матбуот хизмати

Қайд этилишича, «Ёшлар — келажагимиз» Давлат дастури доирасида Сардоба туманида амалга оширилиши кўзда тутилган 275 миллион сўмлик 3 та, Мирзаобод туманида қиймати 260 миллион сўмлик 8 та лойиҳа тегишли мутасаддиларнинг масъулиятсизлиги сабабли бажарилмаган ва ёшлар учун мўлжалланган янги иш ўринлари яратилмаган. 186 нафар оғир турмуш шароитида яшовчи хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар ҳам талаб даражасида эмаслиги аниқланган.

«Аҳоли бандлигини таъминлаш ишлари ҳам етарли даражада ташкил қилинмаган, 11 та маҳалладаги вақтинчалик ишсиз қолган ва хориждан қайтиб келган 4325 нафар ишсиз фуқаронинг 31 фоизи ишга жойлаштирилган», — дейилади хабарда.

Фото: Сенат матбуот хизмати

Шунингдек, мажлисда Сирдарё вилоятида юз берган техноген ҳолат оқибатида жабр кўрган фуқаролар муаммоларини яна бир бор ҳукумат даражасида Ишчи гуруҳ ташкил қилган ҳолда пухта ўрганиш зарурлиги, аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан Ҳукумат комиссиясига таклиф киритиш лозимлиги таъкидланган.

Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенати кенгашининг тегишли қарори қабул қилинган.