Фарғона шаҳрида қиймати 1,5 млн сўмдан ортиқ велосипедни фойдаланишга олиб, сотиб юборган эркак қўлга олинди

Фарғона шаҳрида «Bergamant» велосипедини фойдаланиш учун олиб, сотиб юборган шахсга жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати

Маълум қилинишича, Фарғона шаҳрида 2018 йил 5 сентябрь куни М.И. таниши Қ.Ҳ.нинг ишончига кириб, 1 600 000 сўмлик «Bergamant» велосипедини вақтинча фойдаланишга олиб, қайтариб беришини айтган. М.И. ваъдасини бажармасдан, велосипедни сотиб, пулини сарфлаб юборган.

Хабарга кўра, Фарғона шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, ушбу жиноятни содир этган шахс уч йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Учкўприкда қаровсиз қолдирилган велосипедни ўғирлаган шахс қўлга олинганди. Шунингдек, Тошлоқда фуқаронинг бир миллион сўмлик велосипедини ўғирлаб кетган шахс қўлга олингани хабар қилинганди.

Янгиликлар