Ўзбекистоннинг қолган ҳудудларида Президент мактаблари қачон очилади? Масъул жавоб берди

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Анвар Умаров ҳудудлардаги Президент мактаблари ва қолган вилотяларда улар қачон очилиши борасида маълумот берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, ҳозирда Қорақалпоғистон, Наманган ва Хоразм вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида Президент мактаблари фаолият юритмоқда. 2021-2022 ўқув йилидан бошқа барча ҳудудларда Президент мактаблари ташкил этилиши кўзда тутилган.

Анвар Умаровнинг маълум қилишича, 2020 йилда Бухоро, Жиззах, Қарши, Самарқанд ва Фарғона шаҳарларида Президент мактаблари қурилиш ишлари олиб борилди. 2021 йилда эса Андижон, Навоий, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида Президент мактаблари қурилиши режалаштирилган.

Маълумот ўрнида, 2021 йилда республикада 10 та Президент мактаби, кимё, биология, математика, ахборот технологияларига ихтисослашган 197 та мактаб ўз фаолиятини бошлайди. Шунингдек, иқтидорли ўғил-қизларнинг юқори технологиялар ва замонавий билимларни чуқур ўзлаштиришга кенг шароит яратиш ҳамда рақобатбардош миллий кадрларнинг янги авлодини тайёрлаш мақсадида Тошкент шаҳрида алоҳида янги университет ташкил этилади.

Аввалроқ Ўзбекистоннинг Нукус, Хива, Наманган вилоятлари ва Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи Президент мактаблари бир вақтда Cambridge Assessment International Education ташкилоти аккредитациясидан ўтди ва Cambridge International School (Cambridge халқаро мактаби) мақомига эга бўлгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар