Санкт-Петербургда ЙТҲ оқибатида содир бўлган муштлашувда ўзбекистонлик пичоқланди — видео

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида йўл транспорт ҳодисаси оқибатида содир бўлган муштлашувда ўзбекистон фуқароси пичоқланиб, шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар қилди.

Кадр: «НТВ»

Хабарга кўра, муштлашув 5 январь куни соат 01:00 да Санкт-Петербург шаҳрининг Невский туманида бўлиб ўтган ва унда қатнашган 8 нафар шахс ҳибсга олинган. Маълум бўлишича, улардан уч нафари Ўзбекистондан келган. Бир киши пичоқланиб, жароҳатлари сабабли шифохонагага жойлаштирилган.

Таъкидланишича, воқеа жойига етиб келган патруль полицияси жанжалнинг саккиз иштирокчисини ва 33 ёшли аёлни ҳибсга олган. Ҳибсга олинганларнинг учтаси Россияда вақтинчалик рўйхатдан ўтиш муддати тугаган Ўзбекистон фуқаролари, қолганлари эса Ленинград, Пенза, Воронеж ва Великий Новгородда яшовчи шахслар бўлган. Шунингдек, жанжалнинг тўққизинчи иштирокчиси — Ўзбекистон фуқароси пичоқдан олган жароҳати билан шифохонага ётқизилган.

Маълум бўлишича, можаро йўл-транспорт ҳодисаси туфайли юз берган. Барча ҳибсга олинганларга нисбатан майда безорилик бўйича баённомалар тузилган. Бундан тошқари, уч киши Россияда бўлиш режимини бузганлик учун жавобгарликка тортилиши маълум қилинган. Ҳозирда ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатиш масаласи ҳал қилинмоқда.

Aввалроқ Россияда 27 ёшли ўзбек йигити устига ер ўпирилиб тушиши оқибатида ҳалок бўлгани, Таиландда 22 ёшли ўзбекистонлик шаршарадан пастга қулаб вафот этгани ва Москвада ўзбекистонлик эркак ажрашишга ариза бергани учун хотинини пичоқлаб ўлдиргани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Санкт-Петербургда 13 ёшли қизни машинада зўрламоқчи бўлган ўзбекистонлик ҳайдовчи қўлга олингани маълум қилинганди.

Янгиликлар