Тошкентда Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан янги фильмлар намойиш этилди

Кинематография агентлиги томонидан Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан янги фильмлар намойишига старт берилди. Бу ҳақда Кинематография агентлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Иккинчи жаҳон урушида қатнашган ўзбекистонликларнинг матонати ҳақида сўзловчи бир қатор ҳужжатли ва бадиий фильмлар намойиши ҳамда кўнгилочар дастурлар ўтказилиши режалаштирилган. Шунингдек, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш ва сақлаш Бутунжаҳон жамияти билан ҳамкорликда чет эл кинофондларидан рақамлаштириб, юртимизга қайтарилган ўзбек фильмлари классик дурдоналари тақдимоти ва намойишлари ҳам бўлиб ўтади. Ушбу фильмлар орасида «Сен етим эмассан», «Жарроҳ», «Генерал Раҳимов», «1941 йил олмалари», «Унутилмаган қўшиқ» каби дурдона асарлар мавжуд. Эътиборли жиҳати улардан айримлари илк бора тўлиқ ва асл ҳолатда телевидение орқали намойиш этилади.

7 май соат 12:30да Кинематография агентлиги ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда суратга олинган «Матонат» ҳужжатли фильмининг премьераси ўтказилади. Ундан сўнг, «Мерос» тарихий драмасининг катта премьераси тақдим этилди. Ушбу фильм иккинчи жаҳон уруши давридаги ўзбек ва қозоқ ёшларининг муҳаббати ҳақида ҳикоя қилади. Шу билан бирга Кинематография агентлиги буюртмасига биноан режиссёр Али Ҳамроев раҳбарлиги остида 4 нафар ёш киноижодкорлар томонидан суратга олинган «Унутилмас қаҳрамонлар» туркум ҳужжатли фильмларининг ҳам премьераси ўтказилади. Ушбу туркумдан Зебо Ғаниева, Қудрат Суюнов, Иноят Наврўзбоев, Мамадали Топволдиев каби ўзбекистонлик уруш қаҳрамонлари ҳақидаги ҳужжатли фильмлар ўрин олган.

«Матонат» ҳужжатли киноасари ва «Унутилмас қаҳрамонлар» туркум ҳужжатли фильмлари Ўзбекистон телеканалларига тақдим этилади. Юртимиз аҳолиси ушбу фильмларни 9 май арафасида телеэкранлар орқали ҳам томоша қилиш имкониятига эга бўлишади.

Яна кўплаб намойиш ва маърифий дастурлар бўлиб ўтиши белгиланган. Байрам арафаси юртдошларимизга муносиб туҳфа бўлиши кутилмоқда.

Янгиликлар