Андижонда коронавирусга чалинган беморлар учун 700 ўриндан иборат шифохона тайёр ҳолатга келтирилди (фото)
Андижон вилоятида 2020 йилнинг 7 август куни коронавирусга чалинган беморлар учун 700 ўриндан иборат Олимпия захиралари мактаб-интернати манежида ташкил этилган госпитал тайёр ҳолатга келтирилди. Бу ҳақда Андижон вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Хабарда айтилишича, мазкур госпиталда ўқув-йиғин машғулоти ўтказилган. Машғулотда вирусга гумон қилинган беморларга тиббий ёрдам кўрсатишнинг тезкор тактик ҳолатлари ўрганиб чиқилган. Ўқув-йиғин машғулотида Андижон вилояти ҳокимлиги, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, вилоят ички ишлар бошқармаси, вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси, миллий гвардия, санитария эпидемиология осойишталик маркази ҳамда туман тиббиёт бирлашмаси мутахассислари иштирок этган.
Маълумотларга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги меъёрига кўра муассасалардаги 30 фоиз ўринлар тиббий кислород билан таъминланиши белгиланган. Президентнинг топшириғига асосан Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов томонидан вилоятдаги 17 та муассасанинг барчаси 100 фоиз тиббий кислород билан, жумладан, ташкил этилган 700 та захира жойлар (койка)нинг барчаси тиббий кислород билан таъминланган.
Таъкидланишича, Андижон вилоятида коронавирус пандемияси даври учун жами 13 минг 820 та жойлар захираси мавжуд бўлиб, шундан 10 минг 200 та ўринли жой четдан кириб келаётган ва касалликка гумон қилинган фуқароларни 10 кунлик карантинда сақлаб туришга мулжалланган. Касаллик билан зарарланган беморларни даволаш учун эса 2 минг 590 ўринли 17 та шифохоналар 10 август кунига қадар тайёр ҳолатга келтирилиши режалаштирилган.
Шу билан бирга, фавқулодда ҳолатлар учун 1 минг 619 ўринга мўлжалланган 10 та жойларда вақтинчалик шифохоналар тайёрланмоқда, дейилади ҳокимлик ахборотида.
Аввалроқ Намангандаги «Баркамол авлод» спорт мажмуасида ташхислаш ва саралаш маркази ташкил этилгани, Навоий шаҳридаги «Ёшлар» спорт мажмуасида 400 ўринли тақсимот пункти иш бошлагани ва Бухорода таълим муассасалари ётоқхоналарида COVID-19 беморлари учун 2050 та захира ўрни тайёрланган эди. Шунингдек, Самарқандда коронавирус беморларини даволаш учун 1080 ўринли шифохона қурилиши маълум қилинган эди.