Бухорода солиқ ҳисоботларини кечикиб топширган субъектлардан 600 млн сўмга яқин жарима ундирилмади

Бухорода солиқ ҳисоботларини тақдим этиш муддатларини кечиктирган 1723 та субъектга нисбатан Президент фармонига мувофиқ жарима солинмади. Бу ҳақда вилоят Давлат солиқ бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Хабарда таъкидланишича, карантин чоралари кучайтирилган 2020 йил июль ойида вилоят бўйича 1723 та субъект ҳисоботларни топшириш муддатини бир кундан беш кунгача кечиктирган. Амалдаги тартибга мувофиқ, бу учун улардан 576,3 миллион сўмлик жарима ундирилиши керак бўлган.

Президентнинг 2020 йил 20 июлдаги «Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун аҳоли, тадбиркорлик субъектлари, умумий овқатланиш, савдо ва хизматлар соҳасини кўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан берилган енгилликларга мувофиқ 2020 йилда Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланган ҳолларда солиқ тўловчиларга солиқ ҳисоботларини тақдим этиш муддатларини беш кундан кўп бўлмаган муддатга кечиктирганлик учун жарима солинмайдиган бўлди.

Маълумотларга кўра, фармон қабул қилингунга қадар вилоят давлат солиқ органлари томонидан солиқ ҳисоботларини ўз вақтида тақдим этмаган тадбиркорларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 175 моддаси (Солиқ солинадиган объектларнинг ҳисобини олиб бормаслик ёки касса операцияларини юритиш тартибини, шунингдек, тўлов интизомини бузиш) 1,2 қисми билан маъмурий баённомалар расмийлаштириб, судларга юборилган.

Аввалроқ Бухорода 2020 йил якунига қадар 7,9 миллиард сўм маблағ микрофирма ва кичик корхоналар ихтиёрида қолдирилиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев 27 июль куни яширин иқтисодиётни қисқартириш бўйича олиб борилаётган ишлар муҳокамаси юзасидан йиғилишида Ўзбекистонда «Инсофли солиқ тўловчи» тизимини шакллантириш топшириғини берганди.

Янгиликлар