Қўқонда танишига автомашина олиб беришни ваъда қилиб, уни 500 доллар ва 10 млн сўмга «ухлатган» шахсга жиноят иши қўзғатилди

Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида танишига кредит шартномаси асосида автомашина олиб бераман деб, ундан олган пулларини ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган фуқарога жиноят иши қўзғатилди, деб хабар берди Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати.

Фото: Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати

Маълум бўлишича, Қўқон шаҳрида 28 июль куни фуқаро У.М. У.Орипов кўчасида таниши М.З.нинг ишончига кириб, кредит шартномаси асосида «Gentra» автомашинасини олиб беришни ваъда қилган. М.З.га бошланғич тўлови учун 4500 АҚШ доллари тўлашини айтган. Шунингдек, автомашина фотосуратини кўрсатиб, келишув учун 500 АҚШ доллари ва 10 000 000 сўм миқдоридаги пулни олиб, берган ваъдасини бажармаган. Алдов йўли билан қўлга киритган пулларни эса ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

Ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот ўрнида, юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Аввалроқ Бувайдада Тошкентдан уй олиб беришни ваъда қилиб, фуқаронинг 7300 долларини ишлатиб юборган фирибгар қўлга олингани, Марғилонда «Matiz» ва «Spark» сотиб олиб, пулини бермасдан, ўз номига расмийлаштириб олган шахс ушлангани, Қўқонда танишининг 1,5 миллион сўмлик телефонини фойдаланиш учун олиб, сотиб юборган шахсга жиноий иш қўзғатилгани ҳақида хабарлар берилганди.

Янгиликлар