Самарқанд ССБ бошлиғи уйда даволанаётган коронавирус беморларига кўрсатмалар берди (видео)

Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Давронбек Жуманиёзов вилоятда коронавирус беморлари икки хил усулда, яъни уйда ва стационар ҳолатда даволанаётганини маълум қилди. ССБ бошлиғи бу ҳақда 7 август, жума кунги брифингда айтиб ўтган.

Таъкидланишича, енгил ва ўрта оғир шаклдаги беморларга уйда даволанишга рухсат берилмоқда. Кейинги пайтларда коронавирус ва пневмониядан ўлим ҳолатлари кўпайган. Бунга сабаб эса беморларнинг даволанмаётгани эмас, аксинча, нотўғри даволанаётганидир.

«Шу сабабли уйда даволанаётган беморларга танишларидан эшитган, интернетдан кўрган дориларни қабул қилиш тақиқланади. Бундай беморларга ‘Плаквенил’ 200 миллиграмм биринчи кун икки таблетка, қолган тўрт кун бир дона таблеткадан қабул қилиш тавсия этилади. Шунингдек, ‘Синк’ препарати кунига 100 миллиграммдан 1 маҳал 5-7 кун мобайнида, ‘Витамин Д’ препарати 4000 миллиграмм, ‘Витамин C’ 50-100 миллиграммдан ичиш мумкин. Aгар тана ҳарорати 38 даражага чиққан бўлса, унда ‘Aзитромицин’ бир кунда 500 миллиграммдан 1 таблетка ҳамда ҳарорат 38 дан баланд бўлса, ‘Парацетамол’ таблеткаси қабул қилиш лозим. Бошқа дориларни ичиш мумкин эмас».

Давронбек Жуманиёзов, Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи.

Вилоят ССБ бошлиғининг сўзларига кўра, уйда даволанаётган беморлар кўп миқдорда — 3-5 литргача суюқлик ичиши, тўғри овқатланиши, қўлларини яхшилаб ювиши, ўзгалар билан мулоқотда бўлмаслиги, кундузи дам олиши ва кечқурун камида 8 соат ухлаши керак. Шунингдек, кун давомида 3 маротаба енгил бадантарбия машқлари билан шуғулланиш тавсия этилган.

Aввалроқ Самарқанд тиббиёт институти малакали ходимлари коронавирус беморларини даволашда онлайн маслаҳатлар беришни йўлга қўйгани ва вилоятда янги ПЗР лабораториялари ишга туширилиши ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар