Тошлоқ туман ҳокимлиги фуқароларнинг асосий кўчалардан бетон тўсиқларни олиб ташлаш бўйича мурожаатига жавоб қайтарди

Ижтимоий тармоқларда «Короновирус бетон тўсиқдан ўтолмайдими?» сарлавҳали мурожаат тарқалди. Мурожаатда Тошлоқ тумани, Варзак қишлоғи Бектўпи кўчасида асосий кўчаларни катта йўл билан боғловчи жойлари бетон блоклар билан тўсиб қўйилганлиги боис бетон тўсиқларни олиб ташлаб, фуқароларнинг бемалол ҳаракати учун имкон яратиб берилиши акс этган. Ушбу ҳолат юзасидан Тошлоқ туман ҳокимлиги расмий баёнот берди.

Фото: Тошлоқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Баёнотда ёзилишича, мазкур мурожаат бўйича Ишчи гуруҳи томонидан ўрганиш олиб борилган ва Варзак қишлоғи «Қипчоқариқ» маҳалла фуқаролар йиғини Бектўпи кўчасидаги бетон тўсиқлар маҳаллада коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида қўйилганлиги аниқланган. Ўрганиш давомида маҳалла фуқаролар йиғинида коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар мавжуд эмаслиги, уй каринтинида бўлганларнинг йўқлигини ҳисобга олиб бетон тўсиқлар олинганлиги маълум қилинади.

Фото: Тошлоқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Аввалроқ Наманган шаҳар ҳокимлиги коллеж ётоқхонасида вақтинча яшовчи аёлнинг моддий ёрдам сўраб йўллаган видеомурожаатига муносабат билдиргани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, ҳамма жойи калтакланиб, моматалоқ бўлиб кетган бухоролик йигитнинг Президентга йўллаган видеомурожаати юзасидан расмий маълумот берилган эди.