Ўзбек чегарасида бўлганлиги айтилган тўқнашув ҳақидаги хабар нотўғри экани маълум бўлди (видео)

Ўзбек чегарасида бўлганлиги айтилган тўқнашув Бошқирдистонда содир бўлгани маълум қилинди. Бу ҳақда «Antifake.uz» канали хабар берди.

Ижтимоий тармоқлар ва Telegram каналларида бир гуруҳ шахслар тўсиқ сим тиканларни бузишга ҳаракат қилаётгани тасвирланган видеолавҳа тарқатилган эди. Унда Ўзбекистон давлат байроғига ўхшаш байроқ акс этгани учун гўёки ўзбек чегарасида бўлган ҳолат деб талқин қилинган.

Маълум бўлишича, аслида мазкур видеоматериалда 2020 йил 15 август санасида Бошқирдистондаги Куштау тоғида ишлаб чиқариш зонаси ташкил қилинишига қарши чиққан норозилик акцияси иштирокчилари ва хусусий қўриқлаш ташкилоти ходимлари ўртасидаги тўқнашув акс этган. Ўзбекистон ва Бошқирдистон байроқлари ранглари бир-бирига ўхшаш бўлганлиги боис, мазкур ҳолат интернет фойдаланувчилари томонидан нотўғри талқин қилинмоқда.

Аввалроқ Бишкекда намойишчилар Оқ уйни эгаллаб олгани, собиқ президент Атамбоев қамоқдан озод қилингани ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Қирғизистондаги вазиятдан ташвишда эканлигини билдиргани хабар қилинган эди.

Янгиликлар