Сурхондарёда 4 ёшли бола боғча ўйингоҳида вафот этди

Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги 21-сонли боғчада 4 ёшли тарбияланувчи вафот этди.

Қайд этилишича, тарбияланувчи И.Ж. ташкилот ҳудудидаги болалар ўйин майдонидаги темир айланада ўйнаган ва эҳтиётсизлик натижасида ҳаёт учун хавфли бўлган жароҳатлар олган. Ўлимнинг аниқ сабаби ва вақти аниқланмоқда.

Айни пайтда иш прокуратурага ўтказилган, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Эҳтиётсизлик оқибатида воқеа содир бўлган вақтдаги масъул шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилган чоралар қўлланилади», — дейилади вазирлик хабарида.

Айни пайтда мазкур ҳодиса туфайли 21-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти директори лавозимидан озод этилиб, вилоят Мактабгача таълим бошқармаси ва туман мактабгача таълим бўлими раҳбариятига нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилган. Тарбиячи ва тарбиячи ёрдамчисига нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мактабгача таълим вазирлигининг масъул ходимлари ҳолатни назоратга олган.

«Мактабгача таълим вазири томонидан бундай ҳолатлар такрорланмаслиги ҳамда болалар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, республикадаги барча давлат мактабгача таълим ташкилотларидаги ўйин майдончаларида жойлашган хавфли темир конструкцияларни инвентаризасиядан ўтказиш, уларни демонтаж қилиш, шунингдек, идоравий қурилиш меъёрлари ва талабларига мувофиқлаштириш топшириғи берилди», — дейди вазирлик ахборот хизмати.

Бундан ташқари, Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги 21-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида тарбияланувчи вафот этганлиги ҳолати юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда, дея ҳолатга муносабат билдирган.