Буюк Британиядаги оролда ҳам кўзгуга ўхшаш монолит пайдо бўлди

Буюк Британиянинг Уайт оролида ҳам баландлиги тахминан 10 метрга тенг монолит пайдо бўлди. Бу ҳақда «Sky News»телеканалига таяниб, «Риа Новости» хабар берди.

Фото: Tom Dunford

Маълум қилинишича, ушбу монолитни маҳаллий аҳоли вакилларидан бири — Том Дунфорд 6 декабрь, якшанба куни эрталаб севгилиси билан итни айланиб юрган пайтида кўриб қолган. Бу ҳақда у «Sky News» телеканалига гапириб берган.
«Мен сўнгги пайтларда эълон қилинган монолитлардан хабардорман. Шунинг учун дарҳол унинг нима эканини пайқадим… У ўзида тасвирни акс эттирмоқда. Монолитни қўйган одам нима қилаётганини билади. Буларнинг барчаси ҳазиллар, кимдир ҳазиллашмоқда. Мен конспирологик назарияларга ишонмайман », — дейди йигит.

Фото: Tom Dunford

Унинг сўзларига кўра, монолит баландлиги тахминан 10 метрга тенг. Уни ким ўрнатгани эса ҳали номаълум. Топилма оролда шов-шувларга сабаб бўлган. Кун давомида маҳаллий аҳоли монолитни кўргани келган.
Маълумот учун, ушбу монолит топилган сирли тошларнинг тўртинчиси ҳисобланади.

Аввалроқ AҚШ штатларидан биридаги чўлда 3 метрли номаълум монолит топилгани ҳақида хабар берилган эди. Шундан сўнг Руминиядаги шаҳарларнинг биридан ҳам учбурчаксимон монолит топилган.

Шунингдек, Калифорнияда оғирлиги 90 килограмм бўлган учинчи монолит топилгани маълум қилинган. Таъкидланишича, уни 2 декабрь куни маҳалий аҳоли вакили Гари Лёнс топган эди.

Янгиликлар