Тошкент шаҳрининг 2 туманида стриптиз ўйинини ташкил қилган тунги клублар аниқланди — видео
Тошкент шаҳрининг Юнусобод ва Яшнобод туманларида стриптиз ўйинини ташкил этган 2 та тунги клуб аниқланди. Бу ҳақда «Zo‘r TV» телеканалидаги «25 saot» кўрсатувида хабар берилди.
Маълум қилинишича, Юнусобод ва Яшнобод туманларида Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан бир қатор объектларда ўтказилган рейд тадбирларида талабларга зид равишда иш олиб борилаётган ҳолатлар аниқланган.
Яшнобод туманида ўтказилган рейдда тунги клубда 20 га яқин қиз-аёлларнинг стриптиз хизматини кўрсатаётгани маълум бўлган. Уларга ярим ялонғоч саҳнага чиқиш учун алоҳида безанадиган хона ҳам ташкилланиб, пардозланиш учун махсус тайёргарликлар кўрилган.
Шунингдек, муассасада мижозларга чилим, калянлар тарқатилган. Клуб ошхонаси эса гигиеник талабларга жавоб бермаслиги маълум бўлган. Бундан ташқари, Юнусобод туманида ҳам мана шундай стриптиз хизмати ташкил этилган тунги клуб фаолияти аниқланган.
Рейд сўнгида ҳар икки тумандаги клуб раҳбарлари ва мижозларга баённома расмийлаштирилиб, улар профилактик суҳбат учун ички ишлар бўлимига олиб кетилган.
Аввалроқ Тошкентда спа салон номи билан фаолият юритаётган фоҳишахона аниқлангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Тошкентда фоҳишалик қилаётган 2 нафар қиз қўлга олингани маълум қилинган.