Хоразмдаги хонадонда газ портлаб, 15 ёшли қизнинг жасади бинолар остидан топилди

Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида 8 январь, жума куни хонадонда газ портлаши оқибатида 15 ёшли қиз ҳалок бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Tez News»

Маълум қилинишича, 8 январь куни соат 03:41 да Хоразм вилояти Хива шаҳар Исломхўжа кўчаси 6-уйда сизиб чиққан табиий газ ва ҳаво аралашмаси натижасида чақнаш содир бўлиб, яшаш уйининг деворлари ва томи қулаган ҳамда уйнинг 70 квадрат метр майдонида том бостирмасида ёнғин содир бўлган.

Воқеа жойида ФВБ ёнғин-қутқарув ходимлари томонидан олиб борилган қидирув ишлари натижасида соат 04:50 ларда уй эгасининг 2005 йилда туғилган 15 ёшли қизининг жасади бино конструкцияси уюмлари орасидан олиб чиқилган. Ёнғинда уй эгаси Ш.Э.нинг юз қисми, қўллари 22 фоиз термик куйиб, шифохонага ётқизилган.

Таъкидланишича, табиий газдан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши чақнашнинг асосий сабаби деб тахмин қилинмоқда. Воқеа жойига вилоят ҳокими бошчилигида ИИБ, ФВБ, ССБ ва бошқа тегишли идораларнинг куч ҳамда воситалари жалб қилиниб, фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

«Фавқулодда вазиятлар вазирлиги газ ва иситиш мосламаларидан фойдаланиш қоидаларига риоя қилишингизни сўрайди», дейилади хабарда.

Аввалроқ Қашқадарёдаги хонадонда газ портлаши оқибатида икки киши вафот этгани ҳпқида хабар берилган эди. 

Янгиликлар