Ўзбекистонда Президент ва бош вазирга ҳам йил давомида ишлаб топган пули ҳақида ҳисобот топшириш мажбурияти юклатилиши мумкин

Ўзбекистонда Президент ва Бош вазирга ҳам йил давомида ишлаб топган пули ҳақида ҳисобот топшириш мажбурияти юклатилиши мумкин. Бу ҳақда «Daryo» хабар берди.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, 7 январь куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги масъул ходими Ўткирбек Номозбоев Даромадлар декларацияси тўғрисидаги янги қонун лойиҳасида мансабдор шахсларнинг барчаси даромадлари ва харажатларини декларациялаш назарда тутилганини маълум қилган.

Шунингдек, агентлик директори ўринбосарининг маълум қилишича, даромадлар декларацияси тўғрисидаги қонун лойиҳаси агентлик томонидан ишлаб чиқилган ва ҳозирда мазкур қонун лойиҳаси тегишли органларга келишиш учун киритилган.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги масъул ходими Ўткирбек Номозбоев қонун лойиҳасида мансабдор шахсларнинг барчаси қамраб олинганини таъкидлаган. Мансаб ваколатига тегишли бўлган, ҳужжат қабул қилиш ваколати бўлган барча мансабдор шахслар – қуйидан тортиб юқоригача бўлган мансабдор шахслар доираси қамраб олинган. Булар:

  • Президент админстрацияси;
  • Вазирлар Маҳкамаси;
  • Республика ташкилотлари;
  • Ҳокимликлар;
  • Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар;
  • Суд идоралари ходимлари.

Унинг қўшимча қилишича, Президент ва бош вазир ҳам даромадлар декларациясини тўлдириши таклиф этилган.

Аввалроқ Акмал Бурҳонов Президентдан тортиб барча давлат хизматчиларининг мол-мулки босқичма-босқич декларация қилиниши ҳақида айтган эди. Шунингдек, Ўзбекистонда раҳбарлар хизмат машинасидан қандай мақсадда фойдаланиши назорат қилиниши маълум қилинган.

Янгиликлар