Тошкентда уйсиз ҳайвонларга меҳрибонлик кўрсатувчи шахс калтакланди

Тошкент шахрида жойлашган «Гавчег» уйсиз ҳайвонлар учун бошпана асосчиси Сергей Руснак калтакланди. Бу ҳақда «Mehr va Oqibat» ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамияти хабар берди.

Фото: Mehr va Oqibat

«Мен итларни ушлаш учун одам чақирган ва уларни отишга рози бўлган аёл билан келишмоқчи эдим. Мен унга тез-тез маҳсулотлар билан ёрдам бердим, уй ҳайвонларини даволардим, овқатлантирдим. Ҳеч қандай муаммо бўлмайди деб ўйлагандим. Аммо унинг жияни чиқди, мен уни илгари кўрмаганман. У мени бошимга урди ва мен ҳушимдан кетдим. Кейин у мени шунчаки калтаклай бошлаган – буни менга кўшниларим айтиб беришди», – деди Сергей Руснак.

Маълум бўлишича, ўша куни қишлоқ аҳолисидан бири қаровсиз ҳайвонларни ушлаш хизматини чақирган. Қўшниларнинг айтишича, ушбу фуқаро бир неча бор Сергейдан ёрдам сўраб мурожаат қилган, зооҳимоячи карантин пайтида унга ва унинг ҳайвонларига ёрдам бериб борган.

«Қаровсиз ҳайвонларни ушлаш хизмати келганида, улар аёлга кўчада итларни қувлаб юрмасликларини, фақат отишларини айтишган, аммо бунинг учун улар маҳалла посбонидан рухсат олишлари керак», – дейилади хабарда.

Хабарга кўра, Сергей ҳайвонларни ушлаш хизмати чақирилгани ҳақида билгач, мурожаатини бекор қилиши учун қўшнисининг олдига чиққан. Уйга яқинлашаётган пайти аёлнинг 11-синфда ўқийдиган жияни орқа томондан келиб  Сергейнинг бошига ғишт билан урган ва у ҳушини йўқотган. Таъкидланишича, йигит ҳушидан кетаётган Сергейнинг бошига қозон ва ғишт билан уришни давом этган.

Қўшниларнинг аралашувидан сўнг бола ғойиб бўлган. Қайд этилишича, хозирда болани топиш ишлари бошлаб юборилган.

Янгиликлар