Бекободда кам таъминланган оилалар учун ажратилган маблағларни талон-торож қилган маҳалла раисига жиноят иши қўзғатилди

Тошкент вилояти Бекобод туманида кам таъминланган оилалар учун тўланадиган 70 миллион сўмга яқин маблағларнинг ноқонуний сарфланишининг олди олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура «Tez News»га маълум қилди.

Хабарда айтилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Бекобод туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда «А» маҳалласи раиси Х.Ғ. томонидан ҳужжатларга сохта маълумотлар киритилиб, ҳақиқатда мазкур маҳаллада яшамайдиган ва нафақага муҳтожи бўлмаган 26 нафар фуқароларга жами 101,5 миллион сўм нафақа пуллари тайинланиб, шундан 31,6 миллион сўми фуқароларга асоссиз тўлаб берилганлиги аниқланган.

Шунингдек, ўз вақтида олиб борилган ўрганишлар натижасида 69,9 миллион сўмлик бюджет маблағлари талон-торож қилинишининг олди олинган.

Ҳолат юзасидан маҳалла раиси Х.Ғ.га нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми «г» банди (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддаси 1-қисми (Мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда, дейилади хабарда.

Аввалроқ Шаҳрихонда кам таъминланган оилаларга ажратилган 82 миллион сўм ҳамда Aндижонда Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази мансабдор шахслари томонидан 159, 3 миллион сўмлик бюджет маблағлари талон-торож қилингани ҳақида хабар берилганди.

Шунингдек, Андижонда 250 миллион сўмга яқин бюджет маблағларини талон-торож қилган мансабдорлар қўлга олинганди.

Янгиликлар