Наманганда 25 мингдан ортиқ киши ўзини ўзи банд қилиш бўйича рўйхатдан ўтган

Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати Ўзбекистонда 6 август ҳолатига кўра, ўзини ўзи банд қилган фуқаролар сони 219 931 нафарга етганини маълум қилди.

 Хабарда айтилишича, Наманган вилоятида 25 341 киши ўзини ўзи иш билан таъминлаган.

Таъкидланишича, ўзини ўзи банд қилганлар учун мавжуд 67 турдаги фаолият туридан маиший хизматлар соҳаси (сартарошлик, маникюр, косметолог, педикюр, уйда кир ювиш ва дазмоллаш, калитлар тайёрлаш, пойабзал тикиш, таъмирлаш ва бўяш хизматлари) энг талабгир бўлиб турибди. Яъни 60 684 нафар шахс ўзини ўзи банд қилган.

Шунингдек, рўйхатга олишнинг дастлабки кунлариданоқ халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш (нон, уйда поп-корн, музқаймоқ, салатлар, салқин ичимликлар, айрон, гўжа ҳамда деҳқон бозорларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш) мамлакатда, жумладан, Наманганда ҳам энг оммабоп йўналишлардан бири эканлиги маълум бўлган — 34 277 нафар фуқаро рўйхатдан ўтган.

 Маълумот ўрнида, 2020 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистонда ўзини ўзи банд қилишни рўйхатга олиш — мустақил ишловчиларни расман рўйхатдан ўтказиб, уларнинг фаолиятини қонунийлаштиришнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилган. Ўзини ўзи банд қилган шахс 67 та фаолият туридан бири билан шуғулланиши мумкин. Бунинг учун фақатгина «Soliq» мобил иловасида ёки cолиқ органларининг электрон давлат хизматлари портали — «my.soliq.uz»да хабар бериш тартибида рўйхатдан ўтиш лозим.

Аввалроқ Наманганда «темир дафтар»га киритилган 85 оиладан 64 таси камбағал оилалар сафидан чиқарилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар