Наманганда фуқаро ҳовлисига 19 туп наша эккани ва молхонасида нашасимон ўсимликлар сақлаётгани аниқланди

Наманган вилояти Поп туман ИИБ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси ва Жиноят қидирув бўлими тезкор вакиллари томонидан 2020 йил 5 август куни ўтказилган «Қорадори-2020» тадбири давомида туманда яшовчи фуқаро уйидан гиёҳванд моддалар топилди. Бу ҳақда Наманган вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Наманган вилояти ИИБ ахборот хизмати

Фуқаро яшаш ҳовлисидаги экинлари орасида 19 туп нашасимон ўсимликларни парваришлаётганлиги, бундан ташқари, молхонаси устунига илиб қўйилган қуруқ ҳолатда 8 туп яшил сарғимтир рангли, ўткир ҳидли нашасимон ўсимлик ва 3 дона сариқ рангли қоғозларга ўралган нашасимон ўсимлик қисмларини сақлаб келаётганлиги аниқланди. Улар холислар иштирокида текшириб кўриш учун туман ИИБга олинган.

Вилоят ИИБ Эксперт-криминалистика бўлимининг хулосасида парваришланаётган 19 туп ўсимлик таркибида гиёҳванд модда сақловчи наша ўсимлиги эканлиги ва молхона устунига илиб қўйилган модда 4317,84 грамм бўлган, таркибида гиёҳванд модда тетрогидроканнабинол сақловчи каннабис (наша) ўсимлиги эканлиги кўрсатилган.

Ушбу ҳолат бўйича туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 270-моддаси 1-қисми ва 276-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Аввалроқ Фарғонада фуқаро уйида марихуана сақлаётганини тан олгани ва Андижонда салкам 1 килограмм гашишни 5000 доллар ва 100 миллион сўмга сотаётган шахс қўлга олингани хабар қилинган эди.

Янгиликлар