Ўзбекистон фуқароларини хориждан олиб келиш бўйича 9 август кунидаги чартер рейс эълон қилинди

Ўзбекистон фуқароларини хориждан олиб келиш бўйича 9 август куни ташкил этиладиган чартер рейс эълон қилди. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ахборот хизмати хабар берди.

Жадвалга кўра, Тошкент—Москва—Наманган йўналишларида қатнов амалга оширилади.

Хабарда айтилишича, парвозга консуллик муассасалари томонидан фуқаролар рўйхатга олинади ҳамда «Uzbekistan Airways» авиакомпаниясига тақдим этилади ва ушбу рўйхат асосида фуқаролар самолёт бортига киритилади.

Шунингдек, рўйхатга биринчи навбатда бемор фуқаролар, ёш болали ва ҳомиладор аёллар ҳамда бекор қилинган доимий авиақатновларга чипта харид қилган фуқаролар қўйилади. Чипталарни фуқаролар парвоздан 4 соат олдин хорижий мамлакатларнинг халқаро аэропортларидаги «Uzbekistan Airways» авиакомпаниясининг кассаларидан олишлари мумкин бўлади.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистонга кириб келаётган фуқаролар ўз хоҳишига кўра 14 кунлик карантин муддатини давлат томонидан бепул таъминланадиган карантин марказларида ёки пуллик меҳмонхонада ўтказиши мумкин.

Аввалроқ Нью-Йоркдан чартер рейс орқали 174 нафар фуқаро Тошкентга олиб келингани, Россия—Қозоғистон чегарасида тўпланган 1850 нафар фуқаро Ўзбекистонга қайтарилиши хамда Ўзбекистонда туроператорлар ташкил этадиган чартер рейсларнинг чипта нархлари нега қиммат эканлиги маълум қилинганди.

Янгиликлар