Aндижонда коронавирус беморларига бюджет ҳисобидан 64 хилдаги дорилар берилаётгани маълум қилинди

Андижон вилояти бўйича коронавирус беморларини даволашга мўлжалланган тиббиёт муассасаларида 2590 та захира ўрни ташкил этилган. Бу ҳақда Андижон вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси хабар қилди.

Хабарга кўра, ҳар бир махсус шифохона вилоят ҳокими ташаббуси билан замонавий кислород ишлаб чиқариш мажмуи билан таъминланган бўлиб, сифатли хизмат кўрсатмоқда.

Беморларга бюджет томонидан жами 64 турдаги дори воситалари ва бир марталик тиббий буюмлар: тиш чўткалари, тиш пасталари, пиёла-стаканлар, қошиқ ва бошқа идишлар берилмоқда.

Қайд этилишича, вилоятда маҳаллий бюджет ҳисобидан беморларни даволаш учун 9 миллиард сўм қийматдаги уч ойлик дори-дармон захираси, 10 минг дона тест тайёрлаб қўйилган. Бирламчи бўғин ДПМларида ташкил этилган COVID-19 поликлиникаларининг барчаси кислород концентраторлари ва пулсоксиметр билан таъминланган, шунингдек, жойларда ташкил этилган мобиль бригадалар фаолияти узлуксизлигини ташкил этиш мақсадида автомобиль ва телефонлар берилган.

Вилоятдаги 167 та қишлоқ врачлик пунктлари, қишлоқ оилавий поликлиникалари, шаҳар оилавий поликлиникалари, марказий поликлиникаларида кечаю кундуз иш ташкил этилган, шунингдек, 220 та мобиль гуруҳ ишламоқда, улар томонидан уйида даволанишга рухсат этилганлар учун ҳам COVID BОХ дорилар мажмуи етказиб берилмоқда.

Call-марказлар кечаю кундуз ишламоқда, тез тиббий ёрдам хизмати ва бирламчи тиббий санитария муассасалари ишлари мувофиқлаштирилиб, марказлашган ҳолда олиб борилмоқда.

Коронавирус касаллиги билан оғриган, гумон қилинган, мулоқотда бўлган беморлар шифохоналарда, шунингдек, касаллиги бўлмасада шубҳа остига олинганлар 6 кундан 14 кунгача даволаш, диагностика, карантин мақсадида стационар кузатув ўтамоқда.

Aндижон вилоятидаги махсус юқумли шифохоналарда COVID-19 билан оғриган, гумон қилинганларга етарли шифохона ўринлари захираси мавжуд. Вирусга алоқадор бўлмаса-да, шубҳа асосида карантинга олинганлар шифохоналарда эмас, ўз уйларида карантин ўтайди. Бундан ташқари, симптомсиз ва енгил даражада вирус касаллигини бошдан ўтказаётганларга уйида даволаниш имкониятлари яратилган.

Аввалроқ Ўзбекистон коронавирусга қарши эмлаш дастурига қўшилгани, Россияда коронавирусга қарши эмлаш 5 сентябрдан бошланиши хабар қилинган эди.

Янгиликлар