Қоровулбозорда қиймати 242 млрд сўм бўлган цемент заводи қурилмоқда (фото)
Бухоро вилояти Қоровулбозор туманида қиймати 242 миллиард сўм бўлган цемент заводи қурилмоқда. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 7 сентябрь куни Қоровулбозор тумани ҳокими Aкмал Остонов ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо масалалари бўйича ҳоким ўринбосари Мирзо Раҳматов «Бухара Евро Цемент» масъулияти чекланган жамияти томонидан қурилаётган цемент заводини кўздан кечирган.
Қайд этилишича, «Aлоқабанк» Бухоро вилоят филиали томонидан лойиҳа учун 6 миллиард доллар кредит маблағи ажратилган. Бундан ташқари «Бухара Евро Цемент» масъулияти чекланган жамияти томонидан 5,5 миллиард доллар инвестиция ҳисобига қурилиш ишлари бошланган.
Маълумотларга кўра, завод қурилиши учун туман ҳокимлиги томонидан 20 гектар ер майдони ажратилган. Ҳамда «Aлоқабанк» томонидан 2019 йилда ажратилган 6 миллион долларга Хитой давлатининг «Fuding Guoyao Industry Trade Co.Ltd» корхонаси билан тузилган шартнома асосида цемент ишлаб чиқариш технологиялари келтирилган. Ушбу технологияларни ўрнатиш учун Хитойдан мутахассислар келиши кутилаётгани қайд этилган.
Шунингдек, 7 сентябрь ҳолатига кўра, заводда тегирмон иншооти 80 фоиз, клинкер склад 65 фоиз, ҳар бири 900 тонна — жами 3600 тонна хом ашё аралашмасини сақловчи 4 дона ва ҳар бири 6000 тонна — жами 18 000 тонна тайёр маҳсулотни сақловчи 3 та силослар қурилиши 85 фоиз, икки қаватли лаборатория биноси 70 фоиз, таъмирлаш цехи биноси 90 фоиз, 3 қаватли ётоқхона биноси 75 фоиз, ювиниш ва ошхона биноси 70 фоиз ва маъмурий биносининг 40 фоиз қурилиш ишлари бажарилган. Яратилган янги ишчи ўринлари сони 29 тани ташкил этиши белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухорода 20 миллиард сўмлик лойиҳа асосида ДТМ вилоят филиалининг янги биноси қурилаётгани ҳақида хабар берилган. Кейинчалик Қоракўлда қиймати 50 миллиард сўм бўлган халқаро математика мактаби фойдаланишга топширилиши, Тўдакўл соҳилида дам олиш масканлари инфратузилмасини ташкил этиш доирасида йўл таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани маълум қилинганди.