Тўдакўл соҳилида дам олиш масканлари инфратузилмасини ташкил этиш доирасида йўл таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда (фото)
Президентнинг 2020 йил 19 июндаги 4755-сонли қарорига асосан Тўдакўл кўли ҳудудида туристик зонани ташкил этиш ва ривожлантириш дастури юзасидан ишлар амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Бухоро вилояти Туризмни ривожлантириш департаменти ахборот хизмати хабар берди.
Хабарда айтилишича, давлат раҳбари қарорига мувофиқ, бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Бухоро вилояти ҳокимлиги билан биргаликда жойларга чиққан ҳолда туризмни жадал ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларни муҳокама қилиб, Тўдакўл соҳилида сайёҳлик дам олиш масканларини ва уларнинг инфратузилмасини ташкил қилишга доир тегишли тавсияларини билдирган. Хусусан, бу борада Бухоро вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан Тудакўл сув омборига олиб борувчи йўлларни капитал таъмирлаш ишлари қизғин олиб борилмоқда.
Маълум қилинишича, кўлга йўловчиларни ташиш учун доимий автобус қатновларини йўлга қўйиш, тадбиркорлик субъектларини жалб қилган ҳолда туризм ва унга ёндош инфратузилмани ривожлантириш назарда тутилган.
Жумладан, Тўдакўл сув омбори ҳудудида бухоролик тадбиркорлар томонидан ташкил этилаётган «Silk Road Family Resort» МЧЖга қарашли пляж ҳудудига олиб борувчи давлат аҳамиятига эга бўлган 4Р-69 «Бухоро— Бухоро паррандачилик фабрикаси—41-темир йўл разъезди—Тўдакўл даҳаси—Навоий шаҳар» автомобиль йўлининг 20—28 километрларида Бухоро вилояти автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармасининг «Ромитан йўллардан мунтазам фойдаланиш» унитар корхонаси томонидан қурилиш-таъмирлаш, асфальт ётқизиш ишлари амалга оширилмоқда.
Ҳозирга қадар ушбу йўлнинг катта қисмида асфальт қопламаси ётқизилган бўлиб, қолган қисмларида ҳам қурилиш-таъмирлаш ишлари давом этмоқда. Дам олиш объектига кириш ҳудуди 27-километрида жойлашган бўлиб, тез фурсатда йўл бўйида махсус йўл кўрсаткичлари ҳам ўрнатилиши маълум қилинган.
Аввалроқ Бухоро чўлида инновацион туризм маркази очилгани, Тўдакўл қирғоғида қиймати 6 миллион долларни ташкил этган сайёҳлик курорти ташкил этилгани, Навоийда 1500 нафардан ортиқ сайёҳни қабул қилувчи соҳилбўйи дам олиш маскани иш бошлагани хабар қилинганди.