Самарадан 952 нафар ўзбекистонлик Тошкентга олиб келинди (фото)
Россиянинг Самара вилоятидан 8 сентябрь куни 952 нафар ўзбекистонлик Тошкентга олиб келинди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, мазкур фуқаролар Республика махсус комиссияси томонидан мамлакат фуқароларини Самара вилоятидан олиб келиш учун ташкил этилган «Тошкент—Кинел—Тошкент» темир йўл рейси орқали олиб келинган.
Қайд этилишича, Россия ва Қозоғистон билан келишувга биноан 6 сентябрь куни «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти поезди 952 нафар ўзбекистонлик билан «Кинел» станциясидан Ўзбекистонга йўлга чиққан.
Мазкур поезд 8 сентябрь куни Тошкент шаҳрига етиб келган. Рейс орқали олиб келинган барча фуқаролар автобусларда Тошкент вилоятидаги карантин зоналарига етказилиши белгиланган.
Маълумот учун, Ўзбекистон 4 сентябрдан 5 та йўналиш бўйича халқаро авиақатновларни қайта тиклаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон фуқароларини 31 августдан 30 сентябргача хориждан олиб келиш бўйича чартер рейслар рўйхати эълон қилинган эди. Кейинчалик Владивостокдан 272 нафар ўзбекистонлик Бухорога олиб келингани ҳақида хабар берилди. Шунингдек, Россиядан 900 дан ортиқ Ўзбекистон фуқароси олиб келингани маълум қилинганди.