Ургутда аҳолини сутка давомида тоза ичимлик суви билан таъминловчи тақсимлаш ва тозалаш иншоотлари қурилади
Самарқанд вилояти Ургут туманида аҳолини сутка давомида тоза ичимлик суви билан таъминловчи сув тақсимлаш ҳамда тозалаш иншоотлари қурилади. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати «Tez News»га хабар берди.
Маълум қилинишича, вилоят ҳокими 2019 йил июль ойида Камонгарон ва Вағашти қишлоқлари аҳолиси иштирокида «Обод қишлоқ» дастурини амалга ошириш билан боғлиқ масалалар юзасидан йиғилиш ўтказган. Унда ҳудуддаги қурилиш ишларини сифатли амалга ошириш, йўл инфратузилмасини яхшилаш, фуқароларнинг газ, электр ва сув таъминоти билан боғлиқ муаммоларини ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга кўрсатмалар берган.
Вилоят ҳокими 6 сентябрь куни яна ушбу маҳаллаларда бўлиб, аҳоли билан суҳбатлашди. Таъкидланишича, ушбу икки қишлоқ аҳлининг ичимлик сувига бўлган талабини қондириш, туну кун кафолатланган тоза ичимлик суви таъминотини йўлга қўйиш мақсадида қатор лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Мазкур лойиҳалар мавжуд сув тармоқларини тозалаш, айрим ҳудудларда таъмирлаш-тиклаш ишларини олиб бориш, аҳолини сутка давомида тоза ичимлик суви билан таъминлаш имконини берувчи сув тақсимлаш ҳамда тозалаш иншоотларини барпо этишга қаратилган.
Маълумотларга кўра, яқин орада лойиҳа таклифлари тақдимоти ўтказилиб, маҳаллий аҳоли билан ҳамфикрликда мақбул лойиҳа таклифини амалиётга татбиқ этиш ишлари бошланади.
Аввалроқ Наманганда ичимлик суви таъминотини яхшилаш учун 241 миллион долларлик 4 та лойиҳа амалга оширилиши ҳақида хабар берилган. Шунингдек, Андижонда 22 мингдан зиёд хонадон ичимлик суви билан таъминлангани маълум қилинган эди.