Андижонда 22 мингдан зиёд хонадон ичимлик суви билан таъминланди

Андижон вилоятида 2021 йилнинг охирига қадар ҳовли-жой бўлган барча хонадонларга ичимлик суви тармоғини олиб кириш ишларини якунлаш режалаштирилган бўлиб, айни вақтга қадар 22 минг 753 та хонадон ичимлик суви билан таъминланди, деб хабар берди ЎзА.

Маълум бўлишича, Андижон вилоятида 2021 йилнинг охирига қадар ҳовли-жой бўлган барча хонадонларга ичимлик суви тармоғини олиб кириш ишларини якунлаш режалаштирилган. Ушбу ишлар ҳозирга қадар 22 минг 753 та хонадонда ниҳоясига етказилган. Хусусан, Андижон, Хонобод шаҳарлари, Пахтаобод, Избоскан, Қўрғонтепа туманларида бу борадаги ишлар 30—35 фоизга бажарилган.

«Ҳозирда туманнинг ‘Шовруқ’, ‘Зиёли’ ва ‘Тўққизбоғ’ маҳаллаларидаги 200 та хонадонда янги лойиҳа асосида сув билан таъминлаш ишлари бажарилмоқда. Ичимлик сувини хонадонга киритиш, ҳисоблагичлар ўрнатиш юзасидан аҳоли ўртасида тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилмоқда», — дейилади хабарда.

Жумладан, Пахтаобод туманида 2020 йилнинг охирига қадар 785 та хонадонга сув тармоғи олиб кириш режалаштирилган бўлиб, айни пайтгача 582 та хонадонга ичимлик суви олиб кирилган. Белгиланган тартибда сув жўмраклари, замонавий сув ҳисоблагичлар ўрнатилган.

«Кўп йиллардан буён кўчадаги умумий жўмракдан сув ташиб ичганмиз. Оилада беш киши бўлганимиз ҳолда сув учун бир ойда 17,5 минг сўм пул тўлар эдик. Хонадонимизга сув тармоғи киритилиб, ҳисоблагич ўрнатилгандан кейин кўрсатгичи бўйича 3 минг сўмдан ортиқроқ тўлов қилдик. Сув ҳисоблагич ўрнатилиши билан маълум миқдордаги маблағ иқтисод қилинади, қолаверса, сув учун кўчага чиқиб овора бўлишга ҳожат қолмади», — дейди Пахтаобод тумани «Тўққизбоғ» маҳалласида яшовчи Фазилатхон Эгамбердиева.

Аввалроқ Aндижонда 10 та тумандаги 22 та маҳаллага салкам 44 км янги сув қувури тортилгани, ичимлик суви тармоғидаги носозлик аҳоли мурожаатига кўра бартараф этилгани ҳамда Булоқбоши туманида сув минораси таъмирланаётгани ҳақида хабар берилганди.

Шунингдек, Наманганда қарийб 8 миллиард сўм эвазига 12,5 км масофага ичимлик сувининг ички тармоғи тортилиши, кейинчалик вилоятда тоза ичимлик суви учун аҳолидан йиғиб олинган 190 миллион сўм пуллар талон-торож қилингани маълум қилинганди.

Янгиликлар