Фарғона шаҳрида 600 дона психотроп дорини автомашинасида олиб кетаётган эркак қўлга олинди

Фарғона шаҳрига 7 ноябрь, шанба куни 600 дона «Тропикамид» номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини «Damas» автомашинасида олиб кетаётган эркак қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Таъкидланишича, 7 ноябрь куни вилоят божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими томонидан олинган тезкор маълумотларга асосан кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйиш мақсадида тезкор тадбир ўтказилди.

Қайд этилишича, Фарғона шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида вилоятнинг чегара олди ҳудудида кузатувга олинган фуқаро А.Қ. бошқарувидаги «Damas» автотранспорт воситаси тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилди.

Натижада автомашинада фуқаро М.З.га тегишли бўлган ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган ҳамда фуқаро Х.Н.га сотиш учун олиб кетилаётган, хорижда ишлаб чиқарилган умумий қиймати 102 миллион сўмлик, жами 600 дона «Тропикамид» номли сифати кафолатланмаган кучли таъсир қилувчи дори воситаси борлиги аниқланди.

Ҳозирда юқоридаги ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Аввалроқ Фарғонага Қирғизистондан 900 миллион сўмлик товарларни ноқонуний олиб кираётган ҳайдовчи ушлангани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар