Коронавирус «daily» — пандемия бўйича 8 ноябрнинг асосий хабарлари

«Worldometers» маълумотларига кўра, дунё бўйича коронавирус билан касалланганлар сони 50,5 миллиондан ошди.

«Worldometers»нинг 8 ноябрь, якшанба куни Тошкент вақти билан соат 22:30 даги маълумотларига кўра:

  • дунё бўйича инфекция билан касалланганлар — 50 521 740 киши;
  • касалликдан тузалганлар — 35 678 893 киши;
  • инфекция оқибатида вафот этганлар 1 259 506 кишини ташкил этади.

Шунингдек, сўнгги сутка давомида дунё бўйлаб 274 203 та касалланиш ҳамда 3869 та ўлим ҳолати қайд этилган.

Ўзбекистондаги вазият

Ўзбекистонда 8 ноябрь соат 22:30 ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 68 730 тани ташкил этмоқда.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Мамлакатда 8 ноябрь куни 218 ҳолатда касаллик қайд этилган бўлиб, барчаси тана ҳарорати кўтарилганлиги боис профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.

Кунлик касалланиш ҳолатларининг 94 таси Тошкент шаҳрида, 67 таси Тошкент вилоятида, 11 таси Хоразм вилоятида, 9 таси Наманган вилоятида, 8 таси Фарғона вилоятида, 8 таси Андижон вилоятида, 6 таси Жиззах вилоятида, 6 таси Қашқадарё вилоятида, 5 таси Қорақалпоғистонда ҳамда 4 таси Навоий вилоятида қайд этилган.

Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этганлар сони 585 нафарга етган. 8 ноябрь куни 2 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этган.

Кун давомида Тошкент шаҳрида 76 нафар, Тошкент вилоятида 71 нафар, Наманган вилоятида 14 нафар, Хоразм вилоятида 13 нафар, Андижон вилоятида 9 нафар, Жиззах, Қашқадарё ва Фарғона вилоятларида 7 нафардан, Қорақалпоғистонда 5 нафар, жами 209 нафар бемор соғайган.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 68 730 нафар бемордан 65 971 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 96 фоизни ташкил этмоқда. Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2174 нафар бемордан 248 нафари оғир, 65 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Аввалроқ Ўзбекистонда 7 ноябрь куни 229 кишида коронавирус аниқлангани ва 3 нафар бемор вафот этгани ҳақида хабар берилган эди.

Жаҳондаги вазият

Дунё бўйлаб коронавирус тарқалиши бўйича қуйидаги мамлакатлар вирус «ўчоғи» бўлиб турибди:

АҚШда COVID-19 пандемияси даврида умумий ҳисобда 10 198 418 кишида вирус қайд этилган. Мамлакат бу кўрсаткич бўйича дунёда ҳали ҳам биринчи ўринда. Ундан кейинги ўринларда Ҳиндистон (8,5 миллион киши), Бразилия (5,6 миллион киши), Россия (1,7 миллион киши), Франция (1,7 миллион киши) бормоқда. Дунё бўйича эса коронавирус билан 50,5 миллиондан ортиқ киши касалланган.

Қозоғистонда 8 ноябрь Тошкент вақти билан соат 22:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 116 162 нафарни ташкил қилмоқда. Қозоғистон бу кўрсаткич бўйича Марказий Осиёда биринчи бўлиб турибди. Беморларнинг 107 668 нафари тўлиқ соғайган, 1857 нафари вафот этган. Шунингдек, ўтган бир сутка давомида 723 та янги касалланиш ҳолати аниқланган.

Фото: «Kazakh TV»

Шунингдек, мамлакатда пневмония касаллиги қайд этилган беморлар сони 39 058 нафарга етган. Ушбу касалликка чалинган беморларнинг 29 138 нафари тузалган, 409 нафари вафот этган.

Қирғизистонда 8 ноябрь Тошкент вақти билан соат 22:30 ҳолатига кўра, 62 819 кишида коронавирус инфекцияси қайд этилган. Беморларнинг 53 952 нафари соғайиб, 1177 киши ҳаётдан кўз юмган. Ҳозирда мамлакатда 7690 киши коронавирусдан даволанмоқда.

Фото: «Kloop»

Тожикистонда 8 ноябрь Тошкент вақти билан соат 22:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 11 294 тани ташкил қилмоқда. Беморларнинг 10 594 нафари коронавирусдан тўлиқ соғайган бўлса, 83 нафари вафот этган.

Фото: «Asia-Plus»

Туркманистон Марказий Осиёда коронавирус расман қайд этилмаган ягона давлат бўлиб турибди. Айни пайтга қадар мамлакатда бирорта ҳолатда коронавирус инфекцияси қайд этилмаган.

Россияда 8 ноябрь Тошкент вақти билан соат 22:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 1 774 334 нафарни ташкил қилмоқда. Россия бу кўрсаткич бўйича дунёда АҚШ, Ҳиндистон ва Бразилиядан сўнг тўртинчи ўринда бормоқда. Беморларнинг 1 324 419 нафари соғайган, 30 537 нафари вафот этган. Шунингдек, ўтган бир сутка давомида 20 498 та янги касалланиш ҳолати аниқланган ҳамда 286 та ўлим ҳолати қайд этилган.

Фото: «Anadolu Agency»

Аввалроқ дунё бўйича коронавирус билан касалланганлар сони 49,9 миллиондан ошгани ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар