Ўзбекистон ўтмишида қабул қилинган конституциялар тарихидан

Бугун, 8 декабрь куни Ўзбекистон республикаси конституцияси қабул қилинганига 28 йил тўлди. Шу муносабат билан «Tez News» Ўзбекистон тарихидаги конституциялар тарихига назар солади.

1917 йили Россияда юз берган инқилоблар Ўрта Осиё халқлари тарихида ҳам ўзгариш ясади. Аввалги давлатлар қулатилиб, ўрнига янги тузумлар, янги давлатлар қурилди. Туркистон АССР, Бухоро ва Хоразм республикалари, кейинчалик эса миллий-ҳудудий чегараланиш натижасида миллий республикалар тузилди. Бу республикаларнинг ҳар бирида конституция бор эди. Улар билан танишиб чиқайлик.

Ўзбекистон конституциялари тарихини икки босқичга бўлиш мумкин. Биринчиси 1917–1922 йилларни, иккинчиси эса 1924–1992 йилларни ўз ичига олади.

Туркистон АССР

Дастлабки босқичдаги қомусларнинг биринчиси 1918 йилги Туркистон АССР конституцияси бўлиб, у 1918 йил 15 октябрь куни Советлар ўлкасининг VI съездида 1918 йил 10 июлидаги РСФСР конституцияси асосида қабул қилинган эди. Туркистон АССР конституцияси олти бўлимдан иборат эди:

I – Меҳнаткаш ва эксплутация қилинувчи халқ ҳуқуқлари декларацияси;

II– Умумий қоидалар;

III – Совет ҳокимиятининг тузилиши;

IV – Актив ва пассив сайлов ҳуқуқи;

V – Бюджет ҳуқуқи;

VI – Туркистон АССР герби ва байроғи ҳақида.

Туркистон АССР конституциясининг тузилиши ва мазмунининг қуйидаги принципларини кўрсатиб ўтиш мумкин: конституцияда Туркистон Автоном Совет Социалистик Республикаси эканлиги, у ўз таркибига бошқа давлат тузилмаларини қабул қилиши ва уларни ўз таркибидан чиқариши, қонунлар қабул қилиш ҳуқуқлари ва бошқа давлатлар билан халқаро алоқалар ўрнатиш, молиявий ишларни ўзи ҳал этиш каби ҳуқуқлари. Шунингдек, Туркистон АССРнинг бошқа соҳалардаги ваколатлари ҳам жуда кенг берилган бўлиб, бу автоном республиканинг тушунчасига умуман тўғри келмас эди, чунки бу даврга келиб Россиядаги фуқаролар уруши туфайли Туркистон билан вақтинча алоқалар яхши йўлга қўйилмай қолган эди.

Туркистон АССРнинг иккинчи конституцияси 1920 йил 24 сентябрда Туркистон Советларининг IX съездида Бутуниттифоқ Марказий Ижроия Қўмитаси томонидан санкцияланган «Туркистон АССР РСФСРнинг бир қисми сифатида автономдир» деган қарори остида қабул қилиниб, Туркистон АССРнинг «қандай яшаш ҳуқуқи» аниқ қилиб қўйилган эди.

Туркистон АССРнинг бу конституцияси 6 бўлим ва 20 бобдан иборат бўлиб, 109 моддани ўз ичига олган. 1-бўлим «Меҳнаткаш ва эксплуатация қилинувчи халқ ҳуқуқлари декларацияси», 2-бўлим «РСФСР конституцияси, асосий низом» деб аталиб, 1918 йилги РСФСР конституциясининг асл нусхасидан олинган. РСФСР билан ўзаро муносабатлари ҳамда Туркистон АССРнинг ижтимоий ва давлат тузилишидаги ҳуқуқлари 3-бўлимда ўз аксини топган.

IV бўлимида эса марказий ва маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг фаолиятини ташкил этишга бағишланган эди. Унда марказий орган тўққиз кишидан иборат бўлиши, Туркистон Марказий Ижроия Қўмитаси ва Советлар съездининг Президиуми, Халқ Комиссарлари Советларини ташкил этиш тартиб-қоидалари кўрсатиб берилган эди.

Автоном республиканинг Халқ Комиссарлари Советлари тизимига вилоятлар, уездлар, шаҳарлар, қишлоқларнинг ишчи ва қизил армиячи советлари, депутатлари ва уларнинг қўмиталари кирди. Конституциянинг 5-бўлимида актив ва пассив сайлов ҳуқуқи ўрнатилиб, сайланиш қоидалар ва сайланган депутатларни муддатидан олдин чақириб олиш каби тартиблар белгиланган эди. Охирги 6-бўлим Туркистон АССРнинг молия ва бюджетига бағишланган эди.

Туркистон АССРнинг 1920 йилдаги Конституцияси ўша пайтдаги Россиянинг миллий қонуниятлари асосида ўзларининг яшаш тарзига асосланиб қабул қилинган эди.

Хоразм ХСР

Ҳозирги Ўзбекистон ҳудудидаги навбатдаги конституция Хоразм (Хива) хонлиги ўрнида ташкил этилган Хоразм ХСР конституцияси эди. 1920 йил 30 апрелда Бутунхоразм Советларининг съезди ўтказилиб, унинг биринчи конституциясини қабул қилган. Конституция 13 боб ва 37 моддадан иборат бўлиб, давлат ва маҳаллий ҳокимият органларининг тузилиши, ижтимоий тузум ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, Советларга сайлов ўтказиш тартиб-қоидаларини ўз ичига олган. Советларга сайловларда оддий халқ билан бир қаторда савдогарлар ва руҳонийларнинг ҳам сайлов ҳуқуқидан фойдаланишига вақтинча рухсат берилган.

Конституцияда хон ва унинг қариндошларига тегишли мулклар давлат мулки деб эълон қилинган. Шунингдек, ишлаб чиқариш воситаларидан хусусий мулк сифатида фойдаланишга рухсат берилиб, пул билан эркин муомала қилиш ҳуқуқи чексиз деб белгиланган.

Бу конституция миллий-давлат тузумига қарши тузилган бўлиб, Советлар ҳокимиятини ўрнатишнинг биринчи босқичида мамлакатдаги ишлаб-чиқариш воситаларини хусусий мулклигича сақлаш, ерга шахсий эгалик қилиш, уни сотиш, ҳар кимнинг ўз бойликларидан эркин фойдаланиш ҳуқуқлари чеклашларсиз рухсат этилган.

1923 йил 20 октябрда Бутунхоразм Советларининг IV съездида иккинчи конституция қабул қилинди. Конституция 5 бўлим, 12 боб, 44 та моддадан иборат эди. 1-боб «Хоразмда қандай ҳуқуқлардан меҳнаткаш халқ фойдаланмоқда» деб бошланиб, унга мазмунан маълум ўзгартириш киритилган, яъни сайловда қатнашиш ҳуқуқи ва советларга сайланиш тартиб қоидалари белгиланган. Бу конституцияда қуйидаги табақадаги одамлар сайлаш ва сайланиш ҳуқуқларидан маҳрум этилган: ишламасдан бировларнинг кучидан фойдаланаётганлар, ишламасдан пул топаётганлар, даллоллар, руҳонийлар ва ҳоказо.

Бухоро ХСР

1920 йил сентябрь ойида Бухорога коммунистик интервенция натижасида Бухоро аморати қулатилди ва унинг ўрнида Бухоро Халқ Совет республикаси тузилди. 1921 йил 18–23 сентябрда бўлган Бутунбухоро халқ вакилларининг 2-қурултойида демократик руҳдаги Бухоро ХСР конституцияси қабул қилинди. Бухоро тарихидаги дастлабки конституция фуқароларнинг демократик ҳуқуқ ва эркинликларини қонун йўли билан мустаҳкамлади. Конституцияда давлатни идора этиш учун халқнинг барча табақа вакилларининг иштироки таъминланди. Хусусий мулк ва савдо-сотиқ эркинликлари конституцияда ўз ифодасини топди.

Бухорода ўрнатилган тузум халқ демократик республикаси эди. Бухоро ХСРнинг конституцияси барча фуқароларга тенг сиёсий ҳуқуқ берди, миллий тенгсизликни йўқотди. Конституцияга кўра, Бухоро ХСР нинг олий органи Бутунбухоро халқ вакиллари қурултойи бўлиб, у ҳар 2 минг сайловчига бир вакил сайланадиган 350 аъзодан иборат эди. Қурултой йилига бир марта чақирилар ва унда республика конституциясини қабул қилиш, ўзгаришлар киритиш, ҳукуматнинг ҳисоботи ва давлат бюджетни тасдиқлаш каби муҳим масалалар кўрилар эди.

Конституцияга кўра, қурултойлар ўртасида қонун чиқарувчи ва назорат қилувчи олий орган Бутунбухоро МИК ҳисобланади. Қурултойда Бутун Бухоро МИК раиси қилиб Усмонхўжа Пўлатхўжайев сайланди (1922 йил августда бўлган 3-қурултойда бу лавозимни Порсо Хўжаев эгаллади). Конституцияга мувофиқ, Халқ Нозирлар Шўроси давлат ҳокимиятини ижро қилувчи ва бошқарувчи олий органи сифатидаги ўз вазифасини сақлаб қолди.

Қурултойда миллий масалага катта эътибор берилди. Бухоро МИК ҳузурида Омонгелди Омонов бошчилигида Туркман бўлими тузилди. Кейинчалик шу асосда Туркман автоном вилояти ташкил қилиниб, унга миллий мухторият ҳуқуқи берилди. Туркман ва тожик халқи учун маданий-маърифий ва бошқа муассасалар очилди.

Аммо мазкур конституцияга 1923 йил сентябрь ойида ўзгаритиришлар киритилиб, совет андозаларига мослашитириб чиқилди.

Ўзбекистон ССР

Энди иккинчи босқич, яъни миллий-ҳудудий чегараланиш ўтказилганидан кейинги давр конституцияларига назар ташлайлик. Маълумки, 1924 йилда амалдаги учта республика тугатилиб, уларнинг ҳудудлари бўлиб юборилди ва улардаги конституциялар ҳам бекор қилинди.

Янги тузилган Ўзбекистон ССР тарихидаги дастлабки конституция лойиҳаси Советларининг II съездида 1927 йил 27–31 март кунлари тасдиқланди. Бу конституцияда ҳам бошқа Иттифоқ республикалари конституцияларидагидек давлат ҳокимияти ваколатларини «ишчи деҳқон ва қизил аскар Советларининг депутатлари амалга оширадилар», деб белгиланган эди.

Ўзбекистон таркибига Тожикистон Автоном республикаси киритилганди. Тожикистон АССРга кўпгина ваколатлар берилган бўлиб, улар ўртасидаги алоқаларга махсус бўлим бағишланганди.

СССР ўз таркибидаги республикаларни янада Марказга қарам қилиб туриш учун улар ўртасидаги низоларни уларнинг конституция ва қонунларидан бошлаб ўз сиёсатида ҳам доимо назарда тутиб келган. Ўзбекистон таркибига киритилган Тожикистон АССРга ўзининг Халқ Комиссарлар Совети таркибини тузиш ва унга хоҳлаган вақтда ўзгартириш киритиш ҳуқуқларини, Ўзбекистон ССР қабул қилган қонунлар қайтадан кўриб чиқилиб, ўзлари томонидан тасдиқлангандан сўнг кучга киритиш ҳуқуқлари ва бошқа кўпгина ваколатлар берилганди. Шунингдек, конституцияда миллий давлат тузилгани, хусусий мулк бекор қилингани ва давлат органларини тузиш тартиби, қонунчилик, ҳуқуқ-тартибот органларининг дастурий кўрсатмалари ва уларни ташкил этиш қоидалари кўрсатиб берилган эди. Ўзбекистондаги барча табиий бойликлар, заводлар, фабрикалар давлат мулки деб эълон қилинганди.

1937 йил 14 февралда Бутунўзбекистон Советларининг фавқулодда VI съезди ЎзССРнинг иккинчи конституциясини СССРнинг 1936 йилги конституциясига мос равишда қабул қилди. Бу конституция 13 бобдан иборат эди:

I боб – ижтимоий тузилиши;

II боб – давлат тузилиши;

III боб – ЎзССР давлат ҳокимиятининг олий органларига бағишланган;

IV боб – ЎзССР давлати идора органлари ҳақида;

V боб – Қорақалпоғистон АССР давлат ҳокимияти олий органларини тузилиши белгиланган;

VI боб – Қорақалпоғистон АССР давлат идора органлари ҳақида;

VII боб – давлат ҳокимияти маҳаллий органларнинг фаолият принциплари белгиланган;

VIII боб – ЎзССР бюджети тўғрисида;

IX боб – суд ва прокуратура органлари тузилиши;

X боб – фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари ва бурчлари ҳақида;

XI боб – сайлов тизимига бағишланган;

XII боб – герб, байроқ, пойтахт;

XIII боб – конституцияга ўзгартириш киритиш тартиби.

Ўзбекистон ССРнинг иккинчи конституцияси СССРнинг 1936 йилги конституциясини сўзма-сўз такрорлайди.

1978 йили ЎзССРнинг учинчи конституцияси қабул қилинди. 1978 йил 19 март куни ЎзССРнинг янги конституцияси лойиҳаси мутбуотда эълон қилинди. ЎзССР Олий Совет Президиуми томонидан 15 апрель куни Олий Совет сессиясида конституция лойиҳаси СССРнинг 1977 йил 7 октябрида амалга киритилган конституциясига мослиги муҳокама қилиниб, айрим моддаларига ўзгартиришлар киритилди ва 19 апрель куни қабул қилинди.

Конституциянинг тузилиши кириш қисмидан, XI бўлим, 21 боб ва 183 моддадан иборат эди. Ушбу конституцияда ҳам совет ҳокимиятини амалга ошиш қоидалари ва ишчи-деҳқон синфининг коммунистик жамият қуришдан иборат олий мақсади белгилаб берилган эди. Масалан, конституциянинг кириш қисмида «халқ давлат ҳокимиятини Советлар орқали амалга оширади» деб, «коммунистик партиянинг жамият ҳаётидаги раҳбарлиги ва етакчилик қилиши»га кўп таъриф берилган.

70 йилдан ошиқроқ вақт давомида қабул қилинган конституцияларда халқ ҳокимияти ҳақида чиройли сўзлар баён қилинган, лекин амалда жойларда тузилган вилоят, туман, шаҳар, қишлоқ ва посёлка советлари коммунистик партия дастурлари, режалари билан ташкил қилинган, сохта сайловлар ўтказилган жамият ва давлат ҳаётида ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмаган.

Шундай қилиб, Ўзбекистон ССР ўз тарихида учта конституцияга эга бўлган.

Ўзбекистон Республикаси

Ниҳоят, мустақил Ўзбекистон конституцияси XII чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг XI сессиясида 1992 йил 8 декабрь санасида қабул қилинди; бу сана Ўзбекистон конституцияси куни сифатида нишонланиб келинади. Мазкур конституция қабул қилингунига қадар 1990 йил июнь ойида қабул қилинган Мустақиллик декларацияси асосий қонун вазифасини ўтаб келган.

Амалдаги конститусия муқаддима, 6 бўлим, 26 боб ва 128 моддадан иборат.

Янгиликлар