Суриядан юзга яқин аёллар ва болалар Ўзбекистонга қайтарилди

Шавкат Мирзиёевнинг назорати остида 8 декабрь куни «Меҳр» операцияси доирасида 25 нафар аёл ва 73 нафар бола Ўзбекистонга қайтарилди. Бу ҳақда «Uzreport» хабар берди.

Фото: «Uzreport»

Хабарга кўра, Суриянинг жанговар ҳаракатлар олиб борилаётган ҳудудларидан 98 нафар ўзбекистонлик, яъни 25 нафар аёл ва 73 нафар бола ватанга қайтарилган. Таъкидланишича, улар эндиликда барча қулайликларга эга бўлган соғломлаштириш муассасаларига жойлаштирилиб, иссиқ овқат ва кийим кечак билан таъминланади. Ҳамда уларга мутахассислар томонидан тиббий ва психологик ёрдамлар кўрсатилади.

Шунингдек, уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича ҳам тегишли ишлар амалга оширилади. Қайд этилишича, келгусида уларнинг тинч ҳаётга қайтиб, жамиятга тўлақонли ижтимоий мослашуви учун зарур шарт-шароитлар яратилади.

Аввалроқ Абхазиядан 300 га яқин ўзбекистонлик махсус чартер рейси орқали олиб келингани ҳақида хабар берилган. Шунингдек, Самарадан яна 700 нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқароси ватанга қайтарилгани ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар