Лондонда коронавирусга чалинганлар сони кескин ортиб, фавқулодда ҳолат эълон қилинди
Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон коронавирус сабабли пойтахт Лондонда максимал чекловлар қўйилишини эълон қилгани сабабли, аҳолиси пойтахтни оммавий тарк этаётгани айтилган эди. Шундан сўнг, ҳоким Содиқ Хон қироллик пойтахтида фавқулодда ҳолат эълон қилди. Бу ҳақда шаҳар маъмурияти расмий сайтида хабар берилди.
Маълум қилинишича, 30 декабрдан 6 январгача Лондонда коронавирус юқтирганлар сони 27 фоизга ортиб, 7 034 нафарга етган. Сунъий нафас олиш аппаратига уланган беморлар сони 42 фоизга кўпайган. Охирги уч кунда Лондонда 477 киши коронавирус сабаб вафот этган.
«Лондонда аҳвол жуда ёмон, коронавирус назорат қилиб бўлмайдиган даражада тарқалиб кетди. Шу тарзда тарқалишда давом этса, яқин икки ҳафтада касалхоналарда жой қолмайди. Вирус шаҳримизда инқироз ҳолатини келтириб чиқарди. Ҳозир ҳар ўттизинчи лондонлик коронавирус юқтирган. Тезда чора кўрмасак, соғлиқни сақлаш тизимимиз босимни кўтара олмай, кўп одам ҳалок бўлади»,— дейди Содиқ Хон.
Таъкидланишича, ҳозирда Лондон касалхоналарида 7 034 киши коронавирусдан даволанмоқда. Пандемиянинг энг юқори нуқтаси бўлган 2020 йил апрелида ҳам касалхоналарда бундан 35 фоиз камроқ бемор бўлган. Лондонда ҳар куни 8 мингдан ортиқ одам тез ёрдамга мурожаат қилмоқда. Таққослаш учун пойтахтдаги тез ёрдам хизматлари одатда жуда банд бўлган кунларда 5,5 мингтагача мурожаатларни қайд этган.
Лондон шаҳар администрацияси сайтида ёзилишича, фавқулодда ҳолат яқин ўртада 2017 йил Гринфил минорасидаги ёнғин сабаб, шунингдек, 2016 йил Westminster Bridge ва London Bridge’даги террактлар сабаб эълон қилинган.