Жиззахда сув бочкаси ичидан эркак мурдаси топилди

Жиззах вилоятининг Фориш туманидаги ер майдонидаги бочка ичида номаълум шахснинг мурдаси топилди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тегишли тартибда суриштирув ва ўрганиш ишлари олиб борилиши натижасида марҳумда қотиллик билан боғлиқ ёки бошқа жароҳат излари топилмаган.

Фориш туманининг тоғ этагида жойлашган «Сайёд» маҳалласида сув захиралашга мўлжалланган бочка ичидан 4 январь куни топилган жасад Бош прокуратуранинг маълум қилишича, 50-55 ёшлар атрофидаги эркак кишиники.

Судга оид тиббий экспертизанинг хулосасига кўра, марҳум совқотиши натижасида вафот этган ва унда тан жароҳатлари аниқланмаган. Топилишидан тахминан 20-25 кун аввал ўлган.

Кўздан кечириш вақтида марҳумнинг шими чўнтагидан 52 минг сўм пул ва костюми чўнтагидан икки дона дафтар чиққан. Унинг нега ва қандай қилиб бочка ичига тушгани номаълум.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Фориш туман прокуратураси томонидан тегровга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Янгиликлар