Навоийда газета бош муҳарририга босим қилган суд раисининг ҳаракатлари Судьялар олий кенгаши томонидан ўрганилаётгани маълум қилинди

Навоий вилоятида газета бош муҳарририга босим қилган суд раисининг ҳаракатлари Кенгаш томонидан ўрганилаётгани эълон қилинди. Бу ҳақда АОКА хабар берди.

Хабарга кўра, 8 февраль куни ОАВда «Навоийда суд раиси газета муҳарририга буюртма мақола чиқарилмагани учун таҳдидли хат йўллади» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Мақолада Навоий вилояти Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси Хуршид Турсунов «Учқудуқ» газетаси таҳририяти муҳаррири Райҳон Қодировага юборган мақолаларини чоп этиб, газетадан бир нусха жўнатмаса, жаримага тортиши ҳақида таҳдидли хат жўнатгани, суднинг буюртма мақоласи эса плагиат бўлиб чиққани ҳақида ёзилган эди.

Таъкидланишича, Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати мақоладаги ҳолатлар бўйича суд раисининг хатти-ҳаракатлари Кенгаш томонидан ўрганилаётганини маълум қилган.

Қайд этилишича, мақоладаги воқелик жиддийлиги, «Судьяларнинг одоб-ахлоқ кодекси» талаблари бузилган-бузилмаганига ойдинлик киритиш ва тегишли баҳо бериш лозимлигидан келиб чиққан ҳолда ўрганилмоқда.

Янгиликлар