Тошкентда «Spark» автомобили ёниб кетди

Мирзо Улуғбек туманида «Spark» автомобилининг двигатель қисмида қисқа туташувдан автомобилда ёнғин юзага келган. Бу ҳақда ЙҲХББ хабар бермоқда.

Хабарга кўра, 8 июнь куни соат 22:45 ларда Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани «Қорасув-6» даҳасида ҳайдовчи И.Р. «Spark» русумли автомобилда ҳаракатланаётиб, ушбу ҳудудда жойлашган Makro супермаркети яқинига етган вақтида автомобилнинг двигатель қисмида қисқа туташув бўлаётганлигини пайқаган ва транспорт воситасини тўхтатган. Қисқа туташувдан сўнг автомобилда ёнғин юзага келган.

Таъкидланишича, ёнғин ўт ўчирувчилар томонидан бартараф этилган. Ҳодиса натижасида тан жароҳати олганлар йўқ. Автомобилга зарар етган.

Мазкур ҳодиса юзасидан Мирзо Улуғбек тумани ФВБ ва ЙҲХБ ходимлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилиб, ёнғин юзага келиш сабаблари ўрганилмоқда.