Наманган ва Фарғонада тадбиркорлар аҳолига ажратилган унни сотиб юборгани аниқланди

Наманган ва Фарғона вилоятларида тадбиркорлар аҳолига ажратилган 65 тоннадан кўпроқ унни сотиб юборгани аниқланди.

Маълум бўлишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Поп туман бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. «П.З.» МЧЖ раҳбари С.Х. аҳоли учун ажратилган 54,9 тонна 1-навли ун маҳсулотини бошқа шахсларга қиммат нархларда сотиб юборган.

Марғилон шаҳрида ўтказилган терговга қадар текширувда «А.У.» ХК раҳбари А.А. ҳамда «А.Р.» ва «Т.М.» ХКларининг норасмий раҳбари М.О.лар узоқ ва чекка ҳудудда истиқомат қилаётган аҳолига ажратилган 10,1 тонна унни Марғилон шаҳри ҳудудида бозор нархида сотиб юборгани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан А.А., М.О. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 192-моддаси (Нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.