Байрут намойишчилари Ташқи ишлар вазирлиги биносига бостириб кирди

Байрут шаҳридаги намойишчилар 8 август куни Ливан Ташқи ишлар вазирлиги биносига бостириб кирди, дея хабар берди «РБК». Таъкидланишича, улар ҳукумат истеъфосини талаб қилмоқда, полиция билан тўқнашувлар бошланган.

Фото: «Reuters»

Маълумотларга кўра, намойишчилар Ташқи ишлар вазирлиги биносига бостириб кириб, плакатларни кўтарган. Плакатлардан бирида шундай дейилган: «Байрут — қуролсиз шаҳар». Хавфсизлик ходимлари музокара ўтказиш учун бинога кирган. Бундан ташқари, бир неча намойишчи Иқтисодиёт вазирлигига бостириб кирган.

«Reuters» хабарига кўра, Байрут марказида 7 мингга яқин намойишчи тўпланган, уларнинг баъзилари Ливан парламенти биносига киришга ҳаракат қилган. Намойишчилар полицияга тош отишни бошлаган, шундан кейин ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган. Тартибсизликлар пайтида 100 дан ортиқ инсон жароҳатланган.

Эслатиб ўтамиз, Байрутнинг порт мавзесида 4 август куни кучли портлаш юз берди. Ундан аввал яна бир кучсизроқ портлаш кузатилган. Иккинчи портлашнинг тўлқини кучи 3,3 магнитудали зилзилага тенг сейсмик тўлқинларни келтириб чиқарди. Бу ҳатто Ливандан 240 километр масофада жойлашган Кипрда ҳам сезилган. Шаҳарнинг зарар кўрган ҳудудларида автомобиллар портлаш сабаб ағдарилиб кетган, кўчалар вайрон бўлган бино бўлакларига тўлган.

Янгиликлар