Хитойда оқибати ўлимга олиб келиши мумкин бўлган янги вирус аниқланди

Хитойнинг камида учта провинциясида ўлим хавфи юқори SFTS вируси тарқалмоқда. Бу ҳақда «Global Times»га таяниб, «РБК» хабар берди.

Хабарда айтилишича, тарқалаётган янги вируснинг қўзғатувчиси 2011 йилда топилган. SFTS вируси одамга кана чақиши йўли билан юқади. Шифокорларнинг сўзларига кўра, вирус қон ва шиллиқ пардалар орқали одамдан одамга юқади.

«Биз одамларни канадан юқадиган SFTS вируси ҳақида огоҳлантиряпмиз. Унинг қўзғатувчиси 2011 йилда аниқланган, шифокорлар вируснинг одамдан одамга юқишини истисно қилмайди», — дейди хитойлик шифокорлар.

Маълумот учун, Хитой шарқидаги Цзянсу вилоятида SFTS камида 37 кишига юққан, қўшни Aнҳуй вилоятида ҳам 23 кишида вирус аниқланган. Шунингдек, Чжецзян вилояти аҳолисида ҳам касаллик қайд этилган. Сўнгги икки вилоятда вирусдан етти киши вафот этган.

Эслатиб ўтамиз, SARS-CoV-2 янги коронавируси 2019 йилнинг декабрь ойида Хитойнинг Хубей провинциясидаги Ухан шаҳрида аниқланган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 11 март куни COVID-19 коронавирус инфекцияси тарқалишини пандемия деб эълон қилган.

Янгиликлар