Ўзбекистон ҳудудининг майда масштабли сейсмик риск харитаси ишлаб чиқилади

Ўзбекистон ҳудудининг майда масштабли сейсмик риск харитаси ишлаб чиқилади. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, Сейсмопрогностик мониторинг Республика маркази тармоғида 50 та станция фаолият кўрсатади, уларнинг 40 тасини сейсмик станциялар, қолганини прогнозтик станциялар ташкил қилиб, улар бир вақтнинг ўзида сейсмик жараёнларни мониторинг қилиш ишларини бажаради.

Ҳозирги кунда Жиззах шаҳрида жойлашган сейсмологик станцияларда ҳар ҳафта ўртача 5—6 маротаба кичик ер силкинишилари қайд этилади. Бахмал туманида жойлашган сеймологик станцияда эса бир ҳафтада ўртача 15—20 тагача кичик ер силкинишлари қайд этилади.

Шунингдек, мамлакатнинг сейсмик фаоллиги инобатга олиниб, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2020 йилнинг 30 июнида «Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган.

Қарор билан Ўзбекистонда сейсмик хавфсизликни таъминлаш тизимини такомиллаштириш дастури тасдиқланди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистонда ва Тожикистонда бўлган зилзила кучлари Ўзбекистонда сезилган эди.

Шунингдек, Ўзбекистонда зилзила бўйича маълумот берувчи мобил дастур яратилиши маълум қилинди.

Янгиликлар