Бухорода уйида бангихона ташкил қилган шахснинг жинояти жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинди

Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси томонидан 7 сентябрь куни «Амир Темур» МФЙсида содир этилган бангихона ташкил қилиш жинояти кенг жамоатчилик ўртасида муҳокама қилинди. Бу ҳақда Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизмати

Бунда, энг аввало, айнан жиноят содир этган шахснинг яшаш жойида маҳалла масъуллари, фаоллар ва кенг жамоатчиликнинг иштироки таъминланган.

Муҳокамада шаҳарнинг Амир Темур кўчасида истиқомат қилувчи фуқаро Р.Ш. уйида танишлари билан гиёҳванд модда чеккани маълум қилинган. Бу орқали бангихона ташкил қилиш ва гиёвандлик воситаларини сақлаш жиноятини содир қилганлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштирилган. Мазкур ҳолат юзасидан Р.Ш.га нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Фото: Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизмати

Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи, подполковник Б. Шарипов маҳалла фаоллари ва йиғилиш қатнашчиларига ҳозирги вақтда республикада олиб борилаётган «Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак» деган тамойилнинг моҳиятини тушунтирди. Ҳар бир фуқаро ўзи яшаб турган маҳаллада профилактика инспектори билан бир хилда ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг барвақт олдини олишга масъул эканлиги айтилди.

Муҳокама якунида маҳалла масъуллари ҳамда фаолларнинг фикр ва таклифларидан келиб чиқиб, ушбу маҳаллада ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш бўйича ҳамкорлик самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари белгилаб олинди.

Аввалроқ Самарқандда гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланган шахсдан салкам 40 минг доллар расмийлаштирилиб олингани, Олмалиқда марихуана қовураётган шахслар ушлангани хабар қилинган эди.

Янгиликлар