Самарқандда гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланган шахсдан салкам 40 минг доллар расмийлаштирилиб олинди

Самарқанд вилоятида гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланган шахсдан салкам 40 минг доллар пул процессуал тартибда расмийлаштирилиб олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.

Маълум қилинишича, Самарқанд вилояти ИИБ, ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда вилоят Божхона бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида 5 август куни тезкор тадбир ўтказилган.

Тадбирда Самарқанд вилояти Ургут туманида яшовчи 34 ёшли Ё.Ш. ҳайдаб кетаётган «Lacetti» вилоят ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан Пастдарғом туманида тўхтатилган. Машина холислар иштирокида кўздан кечирилган. Текширувда машина бардачоги ост қисмидан икки дона рангсиз целлофан пакетига ўралган 146,58 грамм опий гиёҳвандлик моддаси аниқланди. Фуқаро Ё.Ш. ушбу моддани Пастдарғом туманида яшовчи А.Р.га сотиш учун олиб кетаётганлиги маълум бўлди.

Тезкор тадбир давом эттирилиб, Пастдарғом туманида яшовчи А.Р.нинг хонадони кўздан кечирилган. Унинг уйидаги газ плитаси ичидан 2,4 грамм опий гиёҳвандлик моддаси аниқланган ва далилий ашё сифатида ҳужжатлаштириб олинган.

Бундан ташқари, фуқаро Ё.Ш.нинг уйида ўтказилган тинтув тергов ҳаракати давомида 1 килограмм 156 грамм опий, 1 килограмм 490 грамм марихуана гиёҳвандлик моддаси, 600 милилитр опий гиёҳвандлик воситасининг суюқлиги ва 36 минг АҚШ доллари, 5 минг Россия рубли, 29 миллион сўм пуллар процессуал тартибда расмийлаштирилиб олинди.

Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғонада уйида кўп миқдорда, Aсакада 570 граммдан ортиқ ҳамда Фарғонада молхонасидаги хамда 2 пакет марихуана сақлаб келган шахслар қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар