Самарқанднинг бир қатор туманларида Ёшлар ишлари агентлигига раҳбар тайинланди
Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳри ҳамда Булунғур, Нуробод, Самарқанд туманларида Ёшлар ишлари агентлигига раҳбарлар тайинланди.
Маълумотларга кўра, Нажимов Фурқат Комилжонович Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги Каттақўрғон шаҳар бўлими бошлиғи этиб тайинланган.
Нажимов Фурқат 1987 йил 26 сентябрда Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳрида туғилган. Мазкур лавозимга ўтгунга қадар Ёшлар иттифоқи Каттақўрғон шаҳар Кенгаши раиси вазифасида ишлаган.
Шунингдек, Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги Самарқанд вилояти бошқармасининг буйруғига биноан агентликнинг Булунғур туман бўлим бошлиғи лавозимига Ғаппаров Камолиддин Абдусаломович тайинланган.
У 1990 йилда Булунғур туманида туғилган. 2015 йил Самарқанд давлат чет тиллар институтини тамомлаган. Тайинловга қадар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Булунғур туман кенгаши раиси вазифасида фаолият юритган.
Бундан ташқари, Самарқанд вилояти Нуробод туман Ёшлар ишлари агентлиги бўлимига Жалалиддинов Наврўзбек Шуҳрат ўғли раҳбар этиб тайинланди.
Жалалиддинов Наврўзбек 1992 йилда Самарқанд вилояти Нуробод туманида туғилган. 2015 йилда Самарқанд давлат арҳитектура қурилиш институтини тамомлаган.
Тайинловга қадар Нуробод тумани бандликка кўмаклашиш маркази директори ўринбосари лавозимида фаолият юритган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги Самарқанд вилояти бошқармасининг буйруғига биноан агентликнинг Самарқанд тумани бўлим бошлиғи лавозимига Баратова Мадина Мўминжоновна тайинланган.
У 1982 йилда Самарқанд туманида туғилган. 2007 йил Самарқанд давлат университетини тамомлаган. Тайинловга қадар Ёшлар иттифоқи Самарқанд туман кенгаши раиси вазифасида фаолият юритиб келаётган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ёшлар ишлари агентлиги Наманган, Самарқанд, Бухоро вилоятлари бошқармасига ва Қўрғонтепа, Шаҳрихон туманлари бўлимига янги раҳбар тайинлангани ҳақида хабар берилган эди.