«ҚҚС 2023 йилда 15 фоиздан 12 фоизга туширилади» — Шавкат Мирзиёев

Айни вақтда Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг X съездида Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастури бўйича маъруза қилмоқда. Бу ҳақда «Янги Ўзбекистон» хабар берди.

Маълум бўлишича, бизнес соҳасида имкониятларни кенгайтириш, солиқ турлари ва унинг юкини камайтириш бўйича тизимли ишлар давом эттирилади.

«Яхши биласизлар, 2020 йилда қўшилган қиймат солиғи ставкасини 20 фоиздан 15 фоизга туширган эдик. Бу – 100 минг тадбиркор ихтиёрида 10 триллион сўм маблағ қолади, дегани. Энди, зарур тайёргарлик кўрган ҳолда, 2023 йилдан бошлаб, ушбу солиқ ставкасини 15 фоиздан 12 фоизга туширамиз.

Келгуси йили корхоналарнинг мол-мулк солиғи ставкаси 2 фоиздан 1,5 фоизга камайтирилади ва бунинг натижасида тадбиркорлар ихтиёрида йилига 500 миллиард сўм маблағ қолади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Қайд этилишича, 2023 йилдан юридик шахсларнинг мол-мулк ва ер солиқларини бирлаштириб, ягона кўчмас мулк солиғи жорий қилинади.

«Ҳозирги вақтда банк, молия, телекоммуникация каби тадбиркорлик йўналишларида фойда солиғи ставкаси ҳар хил бўлиб, улар амалдаги 20 фоиздан 15 фоизга туширилади ва барча тадбиркорлар учун бир хил бўлади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Янгиликлар