Наманган вилояти прокурори бош прокурор ўринбосари этиб тайинланди
Наманган вилояти прокурори Aкмалхўжа Мавлонов 8 октябрь куни Президентнинг тегишли фармони билан бош прокурор ўринбосари этиб тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Aкмалхўжа Мавлонов 1975 йилда туғилган, маълумоти олий, ҳуқуқшунос. 2002 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган.
Прокуратура органларидаги иш фаолиятини 2002 йилда Давлатобод туман прокуратурасида бошлаб, Наманган вилояти прокуратураси органларида турли лавозимларда, 2006 йилдан Бош прокуратура бошқарма прокурори, катта прокурори, Марғилон шаҳар прокурори, Сирдарё вилояти прокурорининг биринчи ўринбосари, Хоразм вилояти прокурори лавозимларида фаолият юритган.
2018 йил февраль ойида Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бошлиғи лавозимида ишлаган. Шу йили август ойида Бош прокурор ўринбосари этиб тайинланган.
Aкмалхўжа Мавлонов 2019 йил июлидан бери Наманган вилояти прокурори лавозимида ишлаб келаётганди.
Aввалроқ Наманган вилоят Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармасига янги раҳбар тайинлангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Aҳмаджон Мамажонов вилоят ҳокимига ёрдамчи этиб тайинлангани хабар қилинган.