Қўшработдаги бозор растасидан болалар ҳамда аёллар кийимларини ўғирлаган булунғурлик эркак ушланди

Самарқанд вилояти Қўшработ туманида «Қўшработ деҳқон бозори»даги савдо растасидан болалар ҳамда аёллар кийим-кечакларини ўғрилаган шахс ушланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.

Хабарга кўра, 6 ноябрь, жума куни Булунғур тумани «Небўса» маҳалласида яшовчи A. Қўшработ тумани «Қўролос» МФЙ ҳудудида жойлашган «Қўшработ деҳқон бозори» ҳудудидаги фуқаро С.га тегишли бўлган бозор растасидан болалар кийим-кечакларини яширин равишда талон-торож қилган. Шунингдек, A. ушбу бозорда такроран, фуқаро Б.га тегишли бўлган растада турган аёллар кийим-кечакларини яширин равишда талон-торож қилаётган вақтида ИИБ ходимлари томонидан қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Фарғона туманида 6,5 миллион сўмлик техника воситаларини ўғирлаган эркак, Олтиариқда амакиваччасининг уйидан 850 доллар ўғирлаган бола қўлга олинганди. Шунингдек, Фарғона шаҳрида фуқародан 13 минг долларлик кийимларни олиб, пулини бермаган аёлларга жиноят иши қўзғатилганди.