Андижонда йўл четида турган Nexia ёниб кетди

Андижон вилояти Балиқчи туманида йўл четига қўйиб кетилган Nexia русумли автомашина ёниб кетди.

Таъкидланишича, мазкур ҳолат 9 апрель куни соат 16:10 лар атрофида Балиқчи тумани, Чинобод шаҳарчасида содир бўлган.

Маълум қилинишича, туманнинг «Ўлмас» маҳалласида яшовчи фуқаро Ж.Т. Nexia-1 русумли автомашинасини Чинобод шаҳридаги йўл четига тўхтатиб, овқатланиш шаҳобчасига кириб кетган вақтида автомашина двигателидаги электр узатгичларда қисқа туташув келиб чиққан. Оқибатда автомобилнинг олд қисмида ёнғин содир бўлган.

Ёнғин туман фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари томонидан бартараф этилган. Ёнғин оқибатида тан жароҳати олган фуқаролар йўқ.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Балиқчи тумани ФВБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.