Ўзбекистонда пиротехника воситаларининг ноқонуний савдоси учун жазо чоралари кучайтирилади

Олий Мажлис Сенати пиротехника воситаларининг ноқонуний айланиши учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган қонунни маъқуллади. Бу ҳақда парламент юқори палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, 2021-2023 йилларда умумий қиймати қарийб 2 миллиард сўмлик 300 минг донадан ортиқ пиротехника маҳсулотларини Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний олиб кириш бўйича 239 та ҳолатнинг олди олинган.

Янги қонун пиротехника маҳсулотларини ноқонуний ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, республикадан олиб чиқиш, шунингдек, ноқонуний сотиш ва олиб кириш учун маъмурий жазо чораларини кучайтиради.

Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси масъул тузилмаларга сенаторлик сўрови юборди ҳамда пиротехника маҳсулотларини ноқонуний олиб киришнинг олдини олиш бўйича профилактика чора-тадбирларини кучайтириш юзасидан Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига тавсиялар берди.

Қонун сенаторлар томонидан бир овоздан маъқулланди.

 

Янгиликлар