Дунё бўйича коронавирусга чалинганлар сони 20 миллион нафардан ошди

Worldometers портали берган маълумотларга кўра, дунёда коронавирус инфекциясидан зарарланганлар сони 20 миллион нафардан ошди.

10 август Тошкент вақти билан соат 12:00 ҳолатига кўра, дунё бўйича коронавирус беморлари сони 20 026 186 кишини ташкил қилмоқда. Қурбонлар сони 734 мингдан ошган. 12 900 661 киши касалликдан тузалган.

Энг кўп касаллик ҳолатлари АҚШ (5 199 444), Бразилия (3 035 582) ва Ҳиндистонда (2 215 074) қайд этилган. Шунингдек, касаллик сони энг юқори бўлган бешталикка Россия (887 536) ва Жанубий Африка (559 859) ҳам кирган.

Янги касаллик ҳолатлари уч сутка ичида бир миллионтага ошди. 7 август куни жами касалланганлар 19 миллион кишини ташкил қилган эди. Бир ҳафта аввал, 2 август куни эса 18 миллиондан ошган эди.

АҚШда 9 август куни коронавирус юқтириб олганлар 5 миллион кишидан ошди. Бразилияда коронавируснинг 100 минг нафар қурбони шарафига мотам эълон қилинди.

АҚШ президенти Дональд Трамп 2020 йил 3 ноябрда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларига қадар коронавирусга қарши вакцина тайёр бўлиши мумкинлигини айтди. Бу хабарни у журналист Геральдо Ривьера билан радиоэшиттиришдаги суҳбат давомида эълон қилган. Журналистнинг саволига Трамп вакцина йил тугамасиданоқ пайдо бўлади, деб жавоб берган.

Аввалроқ Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 30 820 тага етгани маълум қилинган эди. 

Янгиликлар